Шоирлар ҳар хил туғилади.
Шоирларки бор, гўдак атак-чечак қилиб йўл юришни ўргангандек, кўп йиллар давомида шеърият алифбосини ўзлаштиради, ҳар хил шоирларга эргашиб кўради, изланади ва бора-бора қийналиб бўлса-да, ўз йўлини топиб олади.
Шоирларки бор, биринчи қадамлариданоқ ҳаммани лол қолдириб, туйғуларини, ҳисларини, фикрларини тутилмаган образларга буркаб, афсоналарнинг тушига кирмаган сўзларда куйлай бошлашади. Уларни “ёш шоир” деган тушунчага сиғдириш қийин. Улар ёши кичик бўлса-да, шуури, шеърий тафаккури балоғатга етган бўлади.
Назаримда, Сирожиддин Саидовни ана шундай “тайёр” шоирлар тоифасидан десак хато бўлмайди.
Мен унинг шеърларини биринчи навбатда бир йилча аввал ўқиган эдим ‒ улар менга жуда маъқул бўлганди. Шундан кейин унинг шеърлари билан учрашиш иштиёқида вақтли матбуотни кузата бошладим. Лекин негадир Сирожиддиннинг номи газета-журналларда кўринмади. Яқинда Сирожиддиннинг ўзи билан танишдик. У менга янги шеърларини келтириб берди. Бу шеърлар ҳам аввалгиларидан қолишмайдиган бақувват шеърлар эди. Шунда мен Сирожиддин шеърларидан кичик бир дастани эътиборингизга ҳавола қилишга журъат этдим.1
Сирожиддин ‒ сурхондарёлик. Табиийки, унинг кўпгина шеърлари Сурхондарё билан боғлиқ. Унинг поэтик образлари, анча-мунча шеърий деталлари шу воҳа одамларининг ҳаёти, шу воҳа табиати билан алоқадор. Лекин унинг поэтик тафаккури сира-сира Сурхондарё воҳаси билан чекланган эмас ‒ у ўз она юртининг заминида мустаҳкам туриб, дунё миқёсида, умумбашарият кўламида фикрлайди. Худди шу фазилат ‒ шеърларнинг умумбашарий ҳисларига тўлалиги, туйғуларнинг тиниқлиги, фикрларнинг теранлиги ва кутилмаганлиги, поэтик образларининг маънодорлиги, янгилиги Сирожиддин шеърларига алоҳида жозиба бағишлайди.
Ёш шоир адабиётимизда кўплаб марта тилга олинган нарсалар ҳақида ўз овози билан, ўз оҳангида гапиради ва унинг ўзига хослиги сизга маъқул келади. Мана унинг бир шеъри ‒ унда мадрасалар, миноралар, гумбазлар шоир назарида тарих наматининг устида чордона қуриб, чилим чекаётган чоллардай кўринади. Шоир халқнинг ўтмишидаги ҳаётини шундай поэтик образда ифодалайдики, у саҳифа-саҳифа тасаввур ўрнини боса олади:
Нонсиз тандирларнинг кўзлари билан
Ҳаётга ‒ ҳасратга боқар ҳовлилар.
Сирожиддин тафаккурида бундай оригинал образлар жуда енгил туғиладигандек кўринади ‒ унинг ҳамма шеърларида бундай образлар кўп. Лекин бу ҳар қанча муҳим бўлмасин, асосий масала эмас.
Шеърият оригинал поэтик образларсиз яланғоч ҳайкалдан ортиқ нарса эмас. Шеърни шеър қилиш учун, унга жон ато этмоқ учун поэтик образлар, деталлар билан бир қаторда теран фикр керак. Поэтик образ поэтик фикрни ифодалаш воситаси холос. Сирожиддин шеърлари шуниси билан қадрли. Бояги шеърда ўша мадрасалар, ўша гумбазлар халқнинг қадимий дардлари сифатида таърифланади. Шоир наздида мозий йўллари бошдан-оёқ халқ дарди тўшалган йўллардир, бу бениҳоя дардни “қирқ хотинли беклар тўшакдай тўшаб, йиғиштирмай” кетганлар. Шоир ана шу мозийни бугунги кунга қиёс қилади…
Шоир шеърларида инсон қалбининг турли қирралари ана шундай теран ва самимий куйланади. Китобхонда савол туғилиши мумкин – бу ёш шоирнинг бирор нуқсони борми ёки у камолот чўққиларига эришиб бўлганми? Бунга нима жавоб бериш мумкин?
Албатта, ижодда камолотнинг чеки бўлмайди. Ижодда ҳар бир эришилган маррадан кейин яна янги марралар келадики, уларни забт этиш янада қийинроқ ва машаққатлироқ бўлади. Ҳамма гап ижодкорнинг қандай маррага интилишида, ўз зиммасига нечоғлик оғир юк қўя билишида. Сирожиддиннинг ҳозирги шеърлари шундан далолат берадики, у ҳар қандай оғир юкни кўтара оладиган забардаст елкаларга эга. Мен ёш дўстим Сирожиддинга ижодда ойдин йўллар тилайман.
Озод ШАРАФИДДИНОВ1982 йил
Гар одамлар сўрашса мендан:
Бу дунёда истагинг недир?
Не истайсан, амал ё шуҳрат,
Ё ҳисобсиз бойликми, билдир.
Лол бўлмасдан берурман жавоб:
Булар менга асло керакмас.
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
1975
Орзуларинг жўшар қалбингда,
Орзу билан яшайсан ҳар он.
Кун келади орзунг ушалар,
Янги орзу бўлади меҳмон.
У кўкдаги Зуҳро сингари,
Жилва билан порлаб туради.
Тинчинг олиб, қалбга чўғ солиб,
Севгилингдай чорлаб туради.
1975
Кунда Жувоз2 тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Табиатнинг унутилган луғат китоби каби
Уйғонади
Кунда Жувоз тоғларида бобомнинг боғи.
Бу боғ ичра уйғонади бобомнинг кўзи янглиғ,
Икки уйғоқ кўзи янглиғ бир жуфт булоғи.
Кунда Жувоз тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Ҳар тонг ҳаёт тимсолидай –
Бобом боғига келиб,
Бобомнинг жуфт булоғидан сув ичиб кетар улар.
1975
Ўтган йиллар ҳидин соғиниб,
Манзилларда бўлиб ўткинчи.
Оғушингга келдим толиқиб
Мен йўлларда адашган йўлчи.
Чақинлардай ўтган болалик
Энди бунда кўтармас сурон.
Мен бир пайтлар тебранган бешик
Сукунатда олмоқда ором.
Энди бунда янграмас алла –
Танглайимни кўтарган қўшиқ.
У дамларни қўмсадим яна
Деворингга ҳорғин бош қўйиб.
Болалик ҳам кетмиш раҳм қилмай,
Йиллар сени хароб этибди.
Сени, боланг ташлаб кетгандай,
Болалигинг ташлаб кетибди.
1975
Болаликнинг сўнгги кўзёши!..
Мен ростдан йиғладим,
Болалар кулди,
Кулди йиғлаётган қизлар ҳам.
Ўқитувчи кулди,
Кулди директор.
Бутун мактаб кулди устимдан!
Улар кўчиб кетишди. Кулди
Гулнорнинг синфда бўш қолган ўрни…
Кейин… эслолмайман:
Йиғладимми, йўқ?..
Гулнор – болаликнинг сўнгги кўз ёши…
1975
Менинг дарахтимни кесманг, отажон!
Қўйинг, гуллар очсин маъсум соғинчим.
Қўйинг, барглар ёзсин,
Тугсин мевалар,
Бу дарахт – севинчим,
Менинг овунчим.
Менинг дарахтимни кесманг, отажон.
Барча айб мендадир,
Бу дарахт нечун?
Одобсизлик қилганим-чун,
Ёдингиздами –
Адабимни бергандингиз бир хипчин билан,
Бу дарахт – ўша хипчин.
Алам қилгандайин гўё шу куни
Ерга қадагандим мен уни.
Пахса деворларни кўп қорлар босди,
Қорлардан сўнг эса баҳорлар босди.
Бу ниҳол кўкарди, бўй чўзди, ўсди.
Куртакдай кўнглимни бузманг, отажон,
Менинг дарахтимни кесманг, отажон.
Мен ҳам одам бўларман бир кун,
Шу дарахт сингари япроқлар ёзиб,
Гуллаб, завққа тўларман бир кун.
Кетгай дилингизнинг оғриқ доғлари,
Яшнаб шовуллагай умр боғлари.
Гарчи кичикдирман жисман, отажон,
Ҳаётни тушундим қисман, отажон.
Менинг дарахтимни кесманг, отажон,
Қўйинг, болалигим кесманг, отажон!
1976
Бир шаҳрим бор эди менинг, дўстларим,
Шаҳримнинг бор эди тиниқ осмони,
Тиниқ осмонида қолди кўзларим,
Кўзларимда қолди маъюс армоним.
Дўстларим, бир шаҳрим бор эди менинг,
Шаҳримнинг чанг эди кўча-кўйлари.
Кўча-кўйларида ўшал шаҳримнинг
Қайтмас бир фаслнинг қолди бўйлари.
Дўстларим, бор эди менинг бир шаҳрим,
Бир парча ўтлоғи бор эди – яшил.
Бир парча ўтлоғи ичра бир даврим,
Яшил даврим қолди, дўстларим, ахир!
Чўкиб кетаётган менмасмидим у,
Ким олиб чиқарди мени дарёдан?
Бир дарём бор эди, дўстлар, қани у?
Дўстлар, мен топмадим уни дунёдан.
Менинг бир дарахтим бор эди, дўстлар,
Хазонлар қоплабди теграларини.
Кўзёшга қоришиб етилган сўзлар,
Дўстлар, у дарахтнинг меваларими?
1976
Х. Д.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Ҳаволарда ёмғир ҳидлари,
Уланади тушларим ёдга.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Илк япроғи келар ҳаётга.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Ҳаволарда совуқ тараддуд,
Узилади тушларим ёддан.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Сўнгги барги кетар ҳаётдан.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Андуҳ каби қора, япроқсиз,
Уйғонаман – шўр ёш лабимда.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Илдизлари инграр қалбимда.
1977
Самолётлар учди. Учдилар йиллар.
Поездлар, шаҳарлар қилдилар парвоз.
Дарахтлар учдилар, учди кенгликлар,
Учди неча баҳор. Учди неча ёз.
Учди масофалар олиб васлингни,
Ер ҳам парвоз этди, учди беармон.
Сен севги аталган гулгун фаслингни
Ўтли тезликлардан сақладинг омон.
Йиллар осмонида учдик, севгилим,
Етмоқ-чун манзилга – бир-биримизга.
Булутлар бағрини ёриб чиқдик жим,
Бизлар учиб кирдик тақдиримизга.
Биз тиндик. Қалб сенга кўксини тутди,
Сочингга кўмилиб яшар бармоқлар.
Йигирма ёшимни кўчалар ютди,
Ўн саккиз ёшингни кўмди сўқмоқлар.
Шаҳарлар биз учун учмагай энди,
Поездлар биз учун боғламас қанот.
Бизни ўзимизга қолдириб, тинди
Йиллар осмонида бизнинг самолёт.
Бу ёғи… қанотнинг кераги йўқдир,
Бу ёғи жимгина ёнгувчи олов.
Севгилим, олдинда неки манзил бор,
Юракларнинг ўзи етказар яёв.
1977
Бошлари кесилган аждаҳоларнинг,
Бир кўзли девларнинг жасадларини
Яланг оёқларим билан босиб
Мен эртакдан чиқдим.
Сирли ўрмон эди эртаклар, унда
Қарғалар дўппимни олиб қочдилар.
Қўлдаги кулчамни тулкилар еди,
Ялмоғизлар минди велосипедимни.
Новдаларда бойқушлардек ўтириб олган
Ялмоғизлар тиззаларига
Қўлларини уриб, мени кузатдилар
Қирқта қароқчининг ғорига томон.
Сўнгра қоровуллик қилдим қароқчиларнинг
Ўғирлаган олтинлари, хуржунларига.
Аммо қирқ биринчи қароқчи бўлиб
Уларнинг сафига қўшилмадим мен.
Бир кун келтиришди бир қизни,
Тайинлашди:
“Агар қочса бошинг кетади.
Биз тезда қайтамиз”.
Кетишди.
…Қочганимиз ёдимда фақат,
У қизнинг кўзлари, юзи унутдир,
Исин ҳам, исмин ҳам билмайман.
“ИЛ-18” номли темир Семурғда
Учиб кетдим кейин. Эртак – унутдир.
Қизни қутқарганим ёдимда фақат.
1978
Хатлар ёздим: “Бормисан, сингил,
Дарахтларим менинг омонми?
Мен омонман, танимоқдаман
Гоҳи баланд, гоҳ паст инсонни”.
Хатлар ёздинг: “Бормисан, ака,
Келгунингча етадими пул?
Хаёлларим менинг ҳам катта,
Тугатяпман ўнни мен бу йил”.
Хатлар ёздинг: “Ака, бормисан,
Тушунарсан балки мени ҳам:
Шаҳар бориб ўқимоқчиман,
Нетай, рухсат бермаслар онам”.
Сен хаёлсан дунёда, синглим,
Мен хаёлга бахш этгайман тил.
Йиллар ўтар – етарми йўлим,
Йўллар ўтар – етармикин йил?
Юрагимда туғилган шафқат
Камол топса агар бехато,
Йўлимдаги ҳар қандай ҳайрат
Мени бир кун қилгайдир адо.
Сенинг бўлса тақдиринг – Хаёл –
Конвертларда учиб келган қуш.
Сен дарахтсан – қийнаган савол,
Сен хаёлсан – кўринмас товуш.
Баҳор пайти аста силкиниб,
Туйғуларинг кўтарганда бош,
Қутлар сени биринчи бўлиб
Эрта кириб келган қалдирғоч.
Тушуниш бу – қийналиш демак,
Қийноқ гоҳ бахт, гоҳи пушаймон.
Тушунмасдан соф қолмоқ керак,
Сен соф қолгин, пок қол, сингилжон!
Соғинаман дарахтлар билан
Бирга баъзан меҳру қадрни.
Соғинаман хаёлингдай соф,
Хатларингда келган шаҳарни.
1978
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «АСАРЛАР (I жилд)», автора Сирожиддин Саййид. Данная книга относится к жанру «Cтихи и поэзия». Произведение затрагивает такие темы, как «лирика», «сборники стихотворений». Книга «АСАРЛАР (I жилд)» была издана в 2026 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты