Читать книгу «Ибройим Юсупов» онлайн полностью📖 — Шарап Уснатдинов — MyBook.
cover

Шарап Уснатдинов
Ибройим Юсупов

МЕҲРИ ИССИҚ ТУҒИШГАНЛИК

Сўзбоши ўрнида

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб, атоқли жамоат арбоби Шарап Уснатдинов 1942 йили Кегейли туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Шарап оға журналистика факультети талабаси бўлган пайтда бу олий ўқув даргоҳи илм ва ижод ўчоғи эди.

Шарап оға ана шу илғор адабий муҳитда адабиёт, бадиий ижод ва журналистика сирларини ўрганган. Илк ижодий фаолиятини Ёшлар газетасидан бошлаган.

Шарап оға авваламбор, журналист бўлиб ижтимоий ҳаётга кириб келди. Марказий газеталарда мухбирликдан бош муҳаррирликкача бўлган лавозимларда ишлади. Журналист ҳаёти, газеталардаги иш жараёнини Шарап оға ипидан игнасигача яхши билади. Чунки бу ҳаётни ўз бошидан ўтказган.

Тиниб-тинчимас адиб давлат ва жамоат арбоби сифатида масъул лавозимларда хизмат қилди. Вазир бўлди, ҳоким бўлди. Ҳукумат идораларида ҳалол ва қизғин фаолият олиб борди.

Шарап Уснатдинов Президентимиз ҳурматига сазовор бўлган ва унинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакилларидан бирига айланган шахс эди. Президент билан гоҳ Нукусда, гоҳ Мўйноқда, гоҳ Шуманайда бўлиб ўтган учрашувларда Шарап оғанинг минбарга чиқиб сўзлаганларини кўп эшитганмиз. У кишининг нотиқлик санъатига, дадил, дангал, теран мазмунли ва ҳикматли сўзларига ҳамиша ҳавасимиз келган.

Оға жамоат арбоби, эл оқсоқолларидан бири эди. Лекин у, энг аввало, ижодкор эди, маҳоратли ва тажрибали адиб эди. “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Сўнгги овчи”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери” каби насрий асарлар тўпламлари, айниқса кейинги “Шоирнинг ёшлиги”, “Ибройим Юсупов” номли роман-дилогияси билан Шарап Устнатдинов бетакрор ёзувчи эканлигини адабиёт майдонида исботлади. “Шоирнинг ёшлиги” романи моҳир шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, дастлаб “Жаҳон адабиёти” журналида, сўнг эса китоб ҳолида нашр этилди. Асар ҳақида жуда кўп таниқли адиблар ва олимлар ижобий фикр билдиришди.Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Орипов “Шоирнинг ёшлиги” романини “Улуғ шоир хотирасига муносиб асар” дея юксак баҳолаган эди:

“Жаҳон адабиёти” журналида Шарап Уснатдиновнинг улуғ шоир Ибройим Юсупов ҳаётига бағишланган романини ўқий бошларканман, кутилмаган бир фикр хаёлимни чулғаб олди, – деб ёзади устоз Абдулла Орипов. – Ажабо, мен китобнинг муаллифини яхши биламанми ёхуд унинг қаҳрамониними?! … Шарап Уснатдинов менга қанчалик яқин биродар ва дўст бўлгани билан унинг қўлидан нималар келишини билмай юрган эканман… Шу ўринда Шарап Уснатдиновнинг ёзувчилик маҳорати мени қойил қолдирди. Романнинг баъзи саҳифаларини ўқиганимда кўз олдимда жаҳон классикларининг қиёфалари ҳам ўтиб қолди. Гап шундаки, бу асар наинки, Ибройим, балки қорақалпоқ халқининг тарихи, маданияти, маънавияти, урф-одати, хуллас, ҳаммаси ҳақида ахборот беради”.

Шарап Уснатдинов адабиётимиз ва маънавиятимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун давлатимиз томонидан муносиб мукофотланиб, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Вафотидан кейин 2021 йилда адиб Президентимиз томонидан юксак қадрланиб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Бу сийлиқнинг аҳамияти ниҳоятда теран бўлиб, Шарап Уснатдинов халқ ва мамлакат раҳбари ҳурматига сазовор бўлган машҳур сиймолардан бири эканини англатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси раиси, олийжаноб инсон Муса Тажетдинович Ерниязов ҳам Шарап Уснатдиновни жуда қадрлар, маънавият, адабиёт борасидаги баъзи масалаларни у билан маслаҳатлашиб ҳал қилар эди. Кечагидай кўз ўнгимда турибди. 2018 йилнинг 27 август куни. Нукус шаҳрининг қоқ марказида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари чексиз кенгликлардан эсиб келган шамолларида ҳилпираб турган “флагшток”нинг очилиши тадбирида Муса Тажетдинович ҳамда Шарап Уснатдинов билан бирга иштирок этган эдик. Икки туғишган халқ байроқлари мусаффо осмон узра икки эгиз ботирлардай ёнма-ён бўйлашиб, ҳилпираб турган майдонда менга сўз берилганда кўнглимдаги туйғуларни шеърий мисралар орқали изҳор этгандим:

 
Бу дунёда мард зотлар мардларни бирлаштиргай,
Эзгу орзу-ниятлар қалбларни бирлаштиргай,
Мардлар йўлбошчи бўлса халқларни бирлаштиргай,
Эл дардини англаган ўғлонларга тасанно,
Юрт тинчлигин ўйлаган инсонларга тасанно.
 

– Сазладинг, раҳмет! – деган эди юзлари табассумдан қуёшдай ёришиб кетган Муса оға.

Ўша куни Шарап Уснатдинов бизни Нукус шаҳрида янги бунёд этилган бинолар, жумладан, “Нуроний” жамғармасининг Нукусда қурилган замонавий иморати билан таништирган эди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, адабиёт ва шеърият ҳақидаги мароқли суҳбатимиз кун бўйи давом этган эди. Ана шу суҳбатларда адабиёт ва ижод Шарап оғанинг тақдири эканини ҳис этган эдим.

Шарап Уснатдиновнинг ибратли ҳаёти ва ижодини ўрганиш давом этмоқда. Яқинда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон адибнинг янги нашр этилган “Ибройим Юсупов” номли йирик роман-эссесини ўзбек тилига таржима қилди. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланди.

Ушбу асарда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, жўшқин ва тошқин шеърияти, “меҳри иссиқ туғишганлик” туйғуси билан икки элга беминнат хизмат қилган Ибройим Юсуповнинг порлоқ сиймоси тасвирланган. Ибройим оға нафақат қорақалпоқ ва ё ўзбек элининг, балки туркий тилли халқлар адабиётининг йирик намояндалари Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Ўлжас Сулаймонов, Давид Қўғилтинов сингари улуғ адибларнинг ҳам эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлган оламшумул сўз дарғасидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбонида Ибройим оғанинг муҳташам ҳайкали ўз салобати ва садоқати билан бугунги ёш авлодга Ватан дарсини ўтаётгандай қўр тўкиб турибди.

Янги китоб мутолааси ва завқу шавқи азиз ўқувчиларга муборак бўлсин.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!


БЎЗ ЎРДАДА
I БЎЛИМ

 
Интиламан жон-таним билан,
Ҳаёт, сени гўзал яшашга:
Кемтик ерларингни тўлдириб,
Ортиқ новдаларни буташга.
 
 
Осмон баланд, юлдузлар сирли,
Сенинг сиринг бепоён, фалак,
Жамолинг кўп жилоли, нурли,
Товланасан мисли камалак.
 
Ибройим Юсупов

1949 йилнинг сўнгги ҳафтаси эди. Кунлар ниҳоятда совиб кетди. Қорсиз қора изғириндан ёмони йўқ. Ернинг юзи қавариб, шимоли-ғарбдан эсган шамол юзингни аччиқ чимчилаб ўтади. Унга қарама-қарши юрсанг, совуқ ҳаводан бўғилиб, нафас ололмай қоласан. Икки юзингни тўсиб, оғзи-бурнингни қўлинг билан беркитаман десанг, бармоқларинг ловуллаб ачишиб кетади. Бошингда қулоқларини тушириб киядиган телпагинг бўлмаса, қўлларинг икки бетингдан аввал қулоғингга борганини билмай қоласан.

У бошига қора қалпоғини кийиб, ташқарига чиқди. Дунёда эркак кишига бош кийим топишдан кўра мушкул иш бўлмаса керак, деб ўйлади. Одамлар тополмагандан сўнг, бир нарсаларни амаллаб кийиб олишади. Аскарликдан келганларнинг кулранг қулоқчини кўпчиликнинг жонига оро кирди. Ундан бошқа тузукроқ нарса билан бошни совуқдан асраш мушкул.

– Бундай юргандан кўра, менинг бўркимни кия қолсанг-чи, – дейди Маден. – Ўқишни битказиб, ўша институтда ишга қолган адабиёт муаллими деган номинг бор. Унча-мунча телпакни кийиш сенга ярашмайди.

Институтнинг битта-яримта раҳбарлари қамар теридан телпак, бўрк тиктириб кийиб юришибди. Ундай қилишга қўли калталик қилади. Қўли етганида бундай бош кийим бинойидек ярашган бўларди. Ярашмаганида ҳам бунинг ёшидаги йигитларга бўрк кийишга ҳали эрта.

Қиш куни бир тутам. Қош қорая бошлаган эди. Нукуснинг янги шаҳар деб аталган қисмига одамлар қўниб ўтиришганига чамаси беш-олти йиллар бўлган. Буларнинг ўтирган жойи нақд кунчиқиш томондаги энг охирги кўчанинг пешанасидан эсган шамолни биринчи бўлиб кутиб оладиган чеккасида. Товуш етадиган ерда ўркач-ўркач бўлиб ётган қумдан шамол юмалатиб ҳайдаган туяқорин билан янтоқни териб олиб, тандирга солаверасан. Шимол тарафда баҳору куз ёққан ёғин сувлари тўпланиб турадиган кичкинагина кўлнинг атрофидаги қамишлар билан оқбошларнинг пардай пўпаклари аллақачонлар учиб кетиб ғойиб бўлган, энди фақат япроқларнинг шамолда изиллаб, ҳуштак чалишига қўшилиб, қум аралаш чанг сочилмоқда эди.

Тунов куни Маденнинг Чимбойдаги кўҳна юртдан излаб келган Жиянбой деган қуролдош дўсти:

– Шаҳарлик бўлдим дейсан, мана бундай кўчма қум бизнинг овулда йўқ, – дебди.

– Юр, сенга шаҳарлик бўлганимни кўрсатайин, – деб уни эргаштириб, шаҳар ўртасидаги “Нукус” кафесига олиб борган. Бўкиб ичган пиводан эртаси куни боши ёрилиб кетгудай оғриётган Жиянбой: “Юр, шаҳарингга яна бир бориб келайлик”, деган экан саҳарда.

“Ҳозирги совуқларинг совуқми? Бизларнинг ёшлик пайтимизда тарашадек қотириб ташлайдиган совуқ бўлар эди…” Овулдаги Эшбой чатоқ деган оғасининг шу сўзлари эсига тушиб, Худойим унинг шу сўзларини эшитиб қолганмикин, деб ўйлади ичида. Қалпоқ дегани бундай қиш-қировли кунларда киядиган бош кийим эмас экан. Бошининг тепасини қалпоқ ёпган, очиқ қолган қулоқ, бўйин, томоқларни эса аёз муз тиллари билан кучукдек ялаб, жонингни суғуриб олгудек қаҳратон қиш бўлди бу қиш. Ҳартугул бу бош кийимни ҳам эл оралаб юриб, зўрға топган эди. Шифохонада боласини олиб ётган хотинидан хабар олгани борган Маден икки қулоғини совуққа урдириб келди. Энди қулоғини совуққа қурбон қилиш навбати буники шекилли…

Сен бошқалардан аввалроқ бор, деб Айтжон оғаси тайинлаган эди. Кечикаётганини сезди. Ким чақирса ҳам, унча шошилавермайдиган бамайлихотирлигини тарк этолмаса керак. Бу одатини ўзгартиришга ҳам унчалик ҳуши йўқ. Тўрт йил институтда ўқиганида уни роса қистовга олишиб, насиҳат қилишган, бироқ бу одатини шоирлигига йўйиб: “Тонг отгунча шеър ёзар экан, индамай қўя қолинг”, – деган гап билан одамлар кўникиб кетишган. Бироқ бугунги тадбир бошқача. Қорақалпоғистоннинг автоном ҳукумат бўлиб тузилганининг 25 йиллиги, “буюк даҳо” туғилганига 70 йил тўлиши муносабати билан кўп одамлар мукофотланган эди. Республиканинг катта раҳбарларидан иккиси – Матеке Жуманазаров билан Наврўз Жапақов энг олий Ленин орденини олишди. Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганлар орасида Москвада Фанлар академиясининг докторантурасида ўқиётган Нажим Давқораев ҳам бор эди. Ибройим ўқишга кирган йилларида институт директори лавозимида ишлаган Жумек Ўринбоев ҳам ҳозир аспирантурада. Улар юбилейга чақирилган. Бугун Жумак оғаси ўзининг ораларидан қил ўтмас дўсти, узангидоши Нажим Давқораевни шу муносабат билан меҳмонга чақирган.

Ота-бободан келаётган дастур бўйича обрўли меҳмонлар чақирилганда уларнинг димоғини чоғ қилиб, ҳурмат кўрсатиб кўнгилга яқин жонажон дўстларингни танлаб, даврага қўшасан. Бу ерга элнинг олим, раҳбар йигитларининг чақирилаётганини билганидан сўнг овулдош оғаси Айтжон Есемуратовнинг “Сен вақтлироқ бор”, деганининг маъниси шу эди.

У етиб келганида хоналарнинг ичи қоронғилашган, чироқ ёқилган экан. Бу уйга икки йил аввал икки-уч йигитни олиб келиб, бир машина саксовулни ҳовлига тушириб, ғарамлаб кетишганида сиртқи темир дарвозадан киришган эди. Ҳозир унинг ўрнига ихчамгина ёғоч эшик қўйилибди. “Таёқнинг бир учи Ўринбоевга ҳам теккан экан-ку”, – деб ўйлади Ибройим.

Бир-икки йил аввалроқ “Қизил Қорақалпоғистон” республика газетасида “Сатемир хоннинг дарвозалари” деган таҳририят мақоласи эълон қилиниб: “Ҳозирги айрим раҳбарлар капитализмни ҳавас қилиб, бойишнинг ҳаракатига тушмоқчига ўхшайди. Улар уйларига қалин пўлатдан “Сатемир хонникига” ўхшатиб, икки табақаси очиладиган катта дарвозалар қурмоқдалар”, деган айблов сўзларнинг орасига бир қатор раҳбарларнинг фамилияларини ҳам қистирган эди. Шундан сўнг металлни қаердан олдинг, деган текширув бошланиб, оқибати катта жанжалга айланди. Кимларгадир баҳона топилиб, ҳар тарафлама текширилди, қамалганлар ҳам бўлди. Ибройим ёғоч эшик остонасидан ҳатлаб ўтаётиб, ўша мақолани эслади.

Даҳлизда пойабзалини ечишга шайланиб турганида ичкаридан Хўжабек югуриб чиқди. Саломлашиб ўтирмасдан:

– Сенинг Бабош деган довдир жўранг бор-ку, – деди шартта гапириб, – шуни икки куви шиша ароқ олиб кел, деб жўнатган эдим. Адашиб кетдими, ё бир бало бўлдими, ҳали йўқ. Тез изидан бориб, ўлик-тиригини билиб кел.

Бабош жўраси танбаллиги туфайли турли гап-сўзга қолиб, лақаб орттириб юрганини яхши билади. Бироқ унга “саўселим” деб янги сифат қўйишганини ҳали эшитмаган эди.

“Эрталаб чап елкам билан турмагандим-ку, келиб-келиб рўпарамдан биринчи бўлиб шу одам чиқадими? “Ўртоғингдан бориб хабар ол”, деган бир оғиз гапнинг ўрнига шунча ёмон сўзларни айтди-я… Дўкон унчалик узоқ эмас-ку, гапига қараганда, шунча вақтдан буён икки марта бориб келса бўлар эди. Ишқилиб, тинчликмикин?” деган ўй ўтди Иброҳимнинг кўнглидан.

Қош қорайиб, қоронғи тушган. Дўконга яқинлашганида эгнидаги юпқа плашининг этаги оёғига чувалашиб, тўмпайган алланарсани икки қўлтиғига қаттиқ қисиб келаётган кўланка кўринди. Бу Бабош эди.

– Тинчликми, нега ҳаяллаб қолдинг?

– Айтсам, куласан.

– Бугун биринчи марта кулаётганимиз йўқ-ку, айтаверсанг-чи!

– Ма, ундан кўра манавининг бировини олиб, қўлтиғингга тиқ. Синдириб қўйма.

Ибройим дўстини, айтсанг-чи, деб қистайверса айтмай қўйишини, индамай юраверса, барибир ичига сиғдира олмаслигини пайқаб, сўзсиз одимлайверди. Тўғри ўйлаган экан, Бабош узоқ чидамади.

– Эртага бутун институтга гап тарқатиб юбормайсанми?

– Ундай ваъда бермайман.

Ибройим мутлақо бефарқдай тутди ўзини.

– Мана бу кўчага қайси аҳмоқ тош тўшатган экан-а?

Ибройим ажабланиб қаради:

– Ўзи шаҳар бўйича фақат шу кўчага тош тўшалган бўлса, буниям кўп кўраяпсанми?

– Ҳамма бало шу туфайли бўлди, худди бошқа кўча қуриб қолгандай…

Бабош билан Ибройим юриб келаётган, Бабошнинг қўлтиғидаги икки шишани чилпарчин қилган тош кўча Министрлар Кенгаши бошлиғининг уйига олиб боради. Бу икки йигит шундай яккаю ягона кўчада оёқларига гард юқтирмай келишмоқда.

“Энди айтмай туролмайсан, айтасан”, деб ўйлади Ибройим. Бабош бироз жим юрди-да, гап бошлади. Дўконда ярим соатлар навбатда туриб, икки шиша ароқни олгандан кейин, қўлтиғига тиқиб кўчага чиққан. Озгина юргандан кейин совуқда ачиша бошлаган қулоқларини бармоқлари билан уқаламоқчи бўлган, қўлтиғидаги шишалар тошкўчага тушиб, чил-чил синган. Шундан сўнг изига қайтиб, яна навбатга туриб қараса, хайриятки, чўнтагидаги пулини санаса, зўрға етибди. Иккинчи марта навбатга туриб сотиб олган шишаларни қўлтиғига қистириб келаётган экан.

– Ҳаммаси манави тош тўшалган кўчадан бўлди, –деб яна тўнғиллади у. –Шу тош бўлмаганда юмшоқ ерга тушган шиша синмас эди…

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Ибройим Юсупов», автора Шарап Уснатдинов. Данная книга имеет возрастное ограничение 12+,. Произведение затрагивает такие темы, как «биографии знаменитостей», «воспоминания и мемуары». Книга «Ибройим Юсупов» была издана в 2024 году. Приятного чтения!