Шайх Фаридуддин Аттор
АСРОРНОМА
Форсийдан
Ўзбекистон халқ шоири
Жамол Камол
таржимаси
Тошкент
“Meriyus”
2011
Ушбу таржима “Асрорнома”нинг филология фанлари доктори Саид Содиқ Гавҳарин томонидан тайёрланиб, 1999 йилда чоп этилган Теҳрон нашри асосида амалга оширилди.
Масъул муҳаррир:
Асрор САМАД
“Асрорнома” – Шайх Фаридуддин Атторнинг машҳур асарларидан бири. Унинг ўзи яшаган дунё ва жамият ҳақида юрак қони билан битилган дил сўзи, жон қичқириғи…
Мир Алишер Навоий олти ёшида “Қуш тили”ни ўқиб, қандай аҳволга тушган бўлса, Мавлоно Жалолиддин Румий ўн икки ёшида “Асрорнома”ни ўқиб, айни шу ҳолатни бошидан кечирган ва умр бўйи бу китобга бўлган муҳаббати уни тарк этмаган.
“Асрорнома” инсонни Ҳақ ва ҳақиқатга ундайди, унинг комиллик шарафини улуғлайди.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм
Биринчи мақола
Ўшалким жонга иймонликни берди,
Хирадга ул худодонликни берди.
Ки андин мулки олам номвардир,
Замину осмон зеру забардир.
Келиб икки жаҳон, бас, бўлди андин,
Фалак юксак, замин паст бўлди андин.
Фалак унга рукуъ этгай ҳамиша,
Замин унга сужуд этгай ҳамиша.
5 Кўпик, қондин яратди одамийни
Ва кофу нун ила аршу заминни*.
Тутунни гунбази хазро этибдир,
Хашакни наргиси раъно этибдир.
У боис пашша ниши зулфиқордир*,
У боис анкабут ҳам пардадордир.
У хокдин маънийи одам яратмиш,
Нафасдин Ийсийи Марям яратмиш.
У қондин мушк, қамишдин шаккар ҳосил
Қилиб, тошлардин этмиш гавҳар ҳосил.
10 Чунон аввалки, пешони кўринмас,
Чунон охирки, поёни кўринмас.
Чунон зоҳирки, ботин унда зоҳир,
Чунон ботинки, андин зуҳр этар нур.
На ҳаргиз кибриёсига бидоят,
На мулкига саранжому ниҳоят.
Худованди каримдир ул бу янглиғ,
Уни ҳар неки билсам, андин ортиқ.
Кўриш бирлан билишни берди улким,
Уни ким билмишу кўрмиш уни ким?
15 Ки зоти куннасидин бир нишон йўқ,
Уни ҳар неки дерсан, ул чунон йўқ.
Агарчи жонимиз йўл олса, илло,
Унинг асрорига етгайму асло?
Йироқмен сирри жонимдин, нетармен,
Худонинг зотига қандоқ етармен?
Яратди жонни андоқ Соҳиби кулл,
Ва лекин сирри жон не, айтмади ул.
Тириксен жон ила, жон танда пинҳон,
Ва лекин билмагайсен не эмиш жон.
20 Бу не санъат ниҳону ошкора,
Ки йўқдир лол қолишдин ўзга чора.
Ёриб мен қилни қирқ, лекин ажаб бул,
Шу хомушликдин ўзга топмадим йўл*.
Унинг зотига етмоғинг-ку душвор,
Жамоли санъатига лек назар сол*.
Агар сен рост табъсен, чўзма сўзни,
Бу тўрт девор ичидин қутқар ўзни.
Сенга муҳтож эмас Парвардигоринг,
Чўзилгай тобакай бу кирдикоринг?
25 Агар сув эрса аслинг, сувни бойла,
Олов ургил, унинг таркини айла.
Агар тупроқдир аслинг, жойига тўк,
Унинг остонасига, пойига тўк.
Агар ел бўлса аслинг, додин этгил,
Уни тупроққа қор, бедодин этгил.
Агар оташдир аслинг, унга сув ур,
Ўшал оташ аро ёлқинга сув ур.
Табиат сенда ростдир, бериё бўл,
Қўйиб таъбингни, бир марди Худо бўл.
30 Ҳар икки олам ичра битта қилмиш,
Ўшал тўрт устунинг сенга не эрмиш?
Ўқиб бир, истабон бир, изла бирни,
Кўриб бир, англабон бир, сўзла бирни.
Бари бир жумладир охир ва аввал,
Вале кўргувчида кўз тийра, аҳвал.
Назар сол, зарра-зарра барча бирдай,
Анга тасбиҳ ўқиб, елгай, югургай.
Бу не лутфу иноятдирки, корсоз,
Магар ҳар зарра бирлан сўйлашур роз.
35 Бу не исму бу не маъни, ҳама сен,
Яна дерманки, эй сен, эй ҳама сен.
Жаҳонда бормикин бир мўйким ул,
Ки сенга тутмасин юз бору буткул?
Сенга юз тутмасайдик, эй мукаррам,
Битарди, бўлмас эрди битта қил ҳам.
Агар сендин етишмас эрса ёрлик,
Топарму эрди зарра пойдорлик?
Ҳама сен бирла боқий, сен ниҳонсен,
Ўзинг жон ичраю айру жаҳонсен.
40 Ҳама жонлар сенга ҳайронадирлар,
Ҳама жон ичра жодирсен муқаррар.
Йўлингда охиру поён кўринмас,
Ўзинг жон ичрадирсен, жон кўринмас.
Жаҳонни тўлдириб, ғойиб жаҳонда,
Ҳама ғарқ сенга, сен йўқсан маконда.
Ниҳону ошкордирсен ҳамиша,
Қарору беқарордирсен ҳамиша.
Сенинг хомушлигинг гўёлигингдин,
Сенинг пинҳонлигинг пайдолигингдин.
45 Ҳама маънию шаклинг исм эмишдир,
Ўзинг ганжу жаҳон тилсим эмишдир.
Ажаб нуру шукуҳдир нури ул зот,
Ки ҳар бир заррада чақнайди заррот.
Сени ҳар заррага ҳамроҳ кўрармен,
Қаён боқмай, сени, Оллоҳ, кўрармен.1
Туташдир битта йўлга ҳазратинг ул,
Ҳама олам ўзингсан, қудратинг ул.
Сенга ҳайрон бир эрмас, неча юз ҳам,
Ики олам адойингдир, ўзинг ҳам.
50 Вужудлар бори зилли ҳазратингдан,
Ҳама осор кучингдан, санъатингдан.
Жаҳони ақлу жонлар сенга ҳайрон,
Сен эрсанг парда ичра, бору пинҳон.
Жаҳонни тўлдириб, йўқдир нишонинг,
Ақл кўргай, агар йўқдир аёнинг.
Аёни ақлу пинҳони хаёли,
Тааллиллоҳ, ажаб нури талли…
Чу сендин ўзга йўқ, ҳар дам ўзингсен,
Агар бор бўлса бир, ул ҳам ўзингсен.
55 Демиш бир яхши чун таъриф этиб зот,
Ки “Аттавҳид-исқотул изофот”2.
Нечун ваҳдатга пайванд излайин мен?
Дедим-ку, матлубу толиб ўзингсен.
Тўқиркан тавҳидинг дебосин3 ул дам,
Тилармен кўксиму жонимни тилсам.
Чиқар мингларча қалблар тарк этиб хок,
Нидо этсанг улар сорига, эй пок.
Жаҳонга неча халқлар келди, кетди,
Ҳама яхши, ёмон тупроққа ётди.
60 Ва лекин бўлмади бир кимса огоҳ,
Жаҳондин ўтдилар ғафлатга ҳамроҳ.
Гумонда кечдилар ул барча андоқ,
Насиба бехабарлик бўлди бундоқ.
Бирор жон билмади: жон не эмишдир?
Бирор тан билмади: тан не эмишдир?
Қулоқ сир уқмади гар тинглади мўл,
Хабардор бўлмади кўз, кўрса ҳам ул.
Нечун гўё эрур тил, билмагай, бас,
Нечун қувватлидир тан, доғи билмас.
65 На огоҳлик шу эврилмиш фалакдин,
На инсу жинсу шайтону малакдин.
Йиқилди барча ўтганлар шу кўйдин,
Етишди ўзгалар чун ўзга сўйдин.
На келгувчи бу сирга бўлди ошно,
На кетгувчи бу йўлдин эрди огоҳ.
Йўқолди бўйлаким ипнинг учи бот,
Ки излаб топмагай бир кимса, ҳайҳот.
Очолмас бу эшикни кимса бир дам,
Уролмас унга бармоғин учин ҳам.
70 Бўйин эгмак керакдир, бўйла фармон,
Сабр бирлан сукутдир бизга дармон.
Юрак борми, бу чун саҳройи тилсим,
Кечаркан ваҳмидин оҳ урмаган ким?
Сукутдин ўзга қисмат, фолимиз йўқ,
Гаҳи бир оҳ чекарга ҳолимиз йўқ.
Олиб бир қатра Одамдин, таратди,
Ўшал бир қатрадин халқни яратди.
Этиб ул қатра узра мунча фикрат,
Ҳама лол қолди, саргардони фитрат.
75 Ақллар қолди ҳайрон, билмади сир,
Ҳама ул қатрага ғарқ бўлди охир.
Чу ожизлик била деймизки, эй пок,
Ўзингсен орифу маъруф, билимнок.
Ики оламки гуфтор ичра қолмиш,
Ҳама тахмину тусмол ичра қолмиш.
Ҳама дерларки, биз изловчилармиз,
Унинг кўйида юрган йўлчилармиз.
80 Ажойиб улки, келди қатра бир сув,
Жавоҳирлар тўла денгиз эди у.
Ажаброқ улки, келди заррайи хок,
Анга қўл чўзди ул хуршиди афлок.
Магарким пашшадин ҳам каммисен, ҳай,
Ичарсен икки оламда нетиб май?
Юракни қон қилиб, ҳай, нетмадинг сен?
Вале бир бор тафаккур этмадинг сен.
Бу савдодин кеч энди, урма дамни,
Ўзингдин ташқари қўйма қадамни.
85 Бўлиб ожизлигингдин ғарқи ҳайрат,
Оқизгил кўзларингдин ашки ҳасрат.
Ки Ҳақдин ўзга Ҳақ йўқ, англа, эй дўст,
Не қилгай бир ҳовуч тупроқ – паю пўст?
Худо поку муназзаҳ, сен эсанг хок,
Не нисбат ичрадирлар хок ила пок?
Жаҳонда бир чумоли топса барҳам,
Жаҳон ортиқ эмас ё бўлмагай кам.
Урарлар бу эшикка мунчаким бош,
Эшикка не писанд, тош унда бардош.
90 Уриб эшикка бошин, бас, ютиб хун,
Очолмай, оқибат кўк кийди гардун.
Худойимга Худодек ёру дўст йўқ,
Муносибликда андин ўзга кас йўқ.
Агарда сўрсалар сендин, не дейсан?
Йўқотмай, бунда сен не излагайсен?
Топилгай аввалин ул, гар тополсанг,
Шитоб айлаб қидирсанг, излайолсанг.
Бу ҳайрат бирла учди не фиғонлар,
Бу ҳасрат бирла чиқди қанча жонлар.
95 Чекарлар аҳли содиқ бўйлаким хун,
Биров билгайму лек Ҳақ сирридир чун?
Назар сол, неча минг йилларки Иблис,
Иши тоат эди, тасбиҳ ва тақдис4.
Ҳама тоатлари беҳуда кетди,
Чу истиғно этиб, шул ерга етди.
Дили андуҳ бўлиб, меҳнатга қолди,
Тани макруҳ бўлиб, лаънатга қолди…
Чу истиғонойи Ҳақни ёд этармиз,
Бу водий ичра биз фарёд этармиз.
100 Жигарлар қон бўлур ул ёдимиздин,
Ул истиғно сабаб фарёдимиздин.
Гар истиғно билан фармон етишгай,
Умидлар соврилиб, армон етишгай.
Чун эрта ул баланд, айвони олий,
Қошида бонг урилгай, лоязолий5.
Жаҳонда борми бир журъатли, дилсўз,
Ки очгай сохта бу нақдинадин сўз?
Худойимнинг ишидир бениёзлик,
Сенинг коринг ўйиндир, ҳийлабозлик.
105 Тиларсен чун адо айлаб намозинг,
Муқаррар хушнуд этсанг биниёзинг…
Намозинг – тўшайи роҳи6 дароздир,
Вале андин Худойинг бениёздир.
Жавонмардо, яқин англа батаҳқиқ,
Келур таклиф ила жонингга тавфиқ.
Ўшал тавфиқ Худодан етмаса гар,
Жаҳонда бир киши бўлмас муяссар.
Бу не рутбатки7, унга бору буткул
Балиқдин ойгача борлиқ – қаро қил.
110 Бу не қудратки, чун қудрат намоён,
Ки бир қил ичра юз санъат намоён.
Бу не иззатки, андоқ бениёз ул,
Ки бунда ақлу жонларга ўйиндир.
Бу не ҳашматки, гар ул жонга киргай,
Юриб, ҳар зарра юз тўфонга киргай.
Бу не сабқатки8, жумла аввалият,
Чу бўлмас унда мавжуди маъият.
Бу не ваҳдатки, сиғмас унга қил ҳам,
Ва ҳар қил ичра бир олам жамулжам.
115 Бу не нисбатки, келса субҳи айём,
Тутар илкида ул ҳам дона, ҳам дом.
Бу не раҳматки, зарра етса, Иблис
Тутар ўзни жаҳонда мисли Идрис.
Бу не ғайратки, гар оламга тушгай,
Ики оламга ўт бир дамда тушгай.
Бу не ҳайбатки, зарра етса, хуршид
Қутилгай соялар остида жовид.
Бу не ҳужжатки, рўзи этса они,
Бировнинг етмагай сенга зиёни.
120 Бу не ҳурматки, кимса истабон ул,
Боролмас ул тарафга, топмагай йўл.
Бу не мулкатки, вожиб бўлди, лобид,
На бир нуқсон етишгай, на тазоюд9.
Бу не қудратки, хоҳиш этса бир дам,
Замин мум бўлгуси, қолмас фалак ҳам.
Бу не шарбатки, қонга бўктириб нон,
Тановул этсалар, таскин топар жон.
Бу не оятки, тушса жон нигоҳи,
Кўрингай сенга хуршиди илоҳий.
125 Бу не фурсатки, оҳлар урганинг дам,
Ёнар ул оташингдин мулки олам.
Бу не шафқатки, андоқ жовидонлик,
Берибдир оналарга меҳрибонлик.
Бу не муҳлатки, фурсат етса, ҳангом,
Шу олам қасдига қил ҳам бўлур дом.
Бу не диққатки, нақд айлаб самарни,
Тутарлар сочидин насли башарни.
Бу не неъматки, мунисдир, мулойим,
Ўқирлар шаънига шукрона доим.
130 Бу не шиддатки, ҳужжат берсалар, бас,
Сукут ҳам бўлмагай, сўз ҳам дейилмас.
Бу не рухсатки, андин йўқса рағбат,
Киши этгайму оҳ чекмоққа журъат?
Бу не фурқатки, қанча елди кўплар,
Ва лекин бўлмади кўрмоқ муяссар.
Бу не роҳатки, қудсий, аҳли олий
Сурарлар нозланиб завқи тажаллий.
Бу не лаззатки, аҳли пок ҳар гал
Ичарлар сипқориб жоми муаттар.
135 Ҳама бечорадирмиз ҳорғину зор,
Шу мискин ҳолимизга бир назар сол.
Кириб гўр ичра, боз бешикда қолдик,
У дунёда яна бир бор туғилдик.
Қабр бешик бўлур бизларга бешак,
Кафанлар бўлгуси танларга йўргак.
Кириб сўнг икки занжий, девпайкар,
Қабр-гавҳораимизни тебратурлар.
Уларнинг шиддати, ваҳми ила биз
Гўдакдек қўрқув ичра титрагаймиз.
140 На бизга она бунда, меҳрибоне,
Ўгирмиш юзни биздин ул жаҳоне.
На бир бегона бор, на ошно ул,
Гўдакмиз, олдимизда кўп қийин йўл.
Гўдакмиз, кўрмаганмиз бўйла дунё,
Бу қўрқувларга ҳам биз қайда ошно?
Ўтиб соат қабрда, қошимизда,
У занжийлар турарлар бошимизда.
Сўрарлар, бас: “Ман раббук ва ма дин?”10
Ўзинг этгил, Худоё, бизга талқин.
145 Ўзинг ўстирдинг айлаб бизни эъзоз,
Бу занжийлар қўлига бермагил боз.
Ўзинг сўз бермасанг, тил, бизга бийрон,
Ўзинг гар этмасанг мушкулни осон.
Қолур дард то абад биз бирла ҳамроҳ,
Не кечгай ҳолимиз унда, Худоё?
Худовандо, ҳама саргаштадирмиз,
Мусибатлар аро оғуштадирмиз.
Алам, ташвишдадирмиз эртаю кеч,
Ҳама бошдин-оёқ ҳеч ичрамиз ҳеч.
150 Не бўлгай, ўртаниб афгоримиздин,
Дилинг бир лаҳза ёнса зоримиздин?
Ва лекин сенда кўнгил йўқ бу янглиғ,
Сенинг измингда диллар ҳам шу тахлит.
Худовандо, басе бечорадирмен,
Шу фикрат бирла кўкси порадирмен.
Танимда гарчи йўқдир бир нишонинг,
Вале жонимдадир ёди ниҳонинг.
Сенга пайвастадир шу ақлу жоним,
Шу боис гавҳарафшондир забоним.
155 Ўзинг мустағнийи филжумла олам11,
Тугатдим сўзни, бас, валлоҳи аълам…
Иккинчи мақола
Ҳазрати Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалам васфида
Қани таъриф ўшал кўргувчи зотга,
Муносиб мадҳ садри коинотга?
Чу титрар ҳайбатидин бул дуогўй,
Тилим бўлгайму деб лойиқ саногўй?12
Унинг зотига осмон сўйлади наът,
Ки тиллар қолди лол, сўзга не ҳожат?
Худо мадҳ этди зотин, ҳай, на хушдир,
Унинг номи Худо номига эшдир.
160 Муҳаммад содиқ ал-қавли аминдир,
Жаҳонга раҳмати лил-оламиндир13.
Муҳаммад- нури Оллоҳдин нишон ул,
Баҳодирликда тенгсиз паҳлавон ул.
Муҳаммад – зийнати ҳар икки олам,
Низоми дину дунё, фахри одам.
Шаклда – гавҳари дуржи нубувват,
Аслда – ахтари буржи футувват.
Руқумомузи сирри лоязолий,
Жаҳонафрузи иқлими маолий14.
165 Не эрмиш рози подшоҳий, билувчи,
Недир сирри илоҳий, сўйлагувчи.
Жаҳон – боргоҳида фарроши хушдир,
Фалак – масжидида бир хирқапўшдир.
Ҳамон одамки ул обу гил эрди,
Жаҳоннинг шоҳига жону дил эрди.
Эди Одамда ул нури вужуди,
Малак айлармиди йўқса сужудин?
Омонат эрди нур, оламга етди,
Кейин Одамдин Абдуллоҳга ўтди.
170 Бу нурни олдилар неча паёмбар,
Неча бошларга қўнди мисли гавҳар.
Кечиб манзил, яна кетди йироқ ул,
Чу бўлди пухтадан ҳам пухтароқ ул.
Етиб охирга ул пардохта15 келди,
Бир оз кеч келди, лекин пухта келди.
Ваҳийдин айри эрди гарчи қирқ йил,
Ваҳий келтирди охир унга Жибрил.
Малоик пешвоси етди унга,
Натижа не эмиш, арз этди унга.
175 Нидо чекди унинг бошида бир тур,
Деди: меҳтар, тилингни сўзга келтур.
Мунаввар ул дилинг дарйёи дин қил,
Макони амри Раббул оламин қил.
Чу ғайб мусиқасин сенсан сипоси16,
Шу тўққиз парданинг пардашуноси.
Ўзинг соҳиби асрорсен баралла,
Худойинг номи бирлан бошла иқра17.
Бошингда доимо ою қуёш туй,
Тўнингни ечгил энди, бошқа тўн кий.
180 Ўзинг шоҳсен, ҳама офоқ хайлинг,
Ўзинг аслу шу олам сен туфайлинг.
Чақиргил Ҳаққа, халқнинг раҳбари бўл,
Паноҳдир сенга, Ҳақ пайғамбари бўл…
Ваҳий деб унга Ҳақ пайғом юборди,
Ки охир жумла Қуръон бўлди ёди.
Тилидин учди даъватлар жаранги,
Шариат янги, ислом бўлди янги.
Жаҳонийларга дурри маъни тақди,
Ва ҳар бир сўзнинг ул мағзини чақди.
185 Йўқолди неча бир бидъат ўшандин,
Ёришди гавҳари давлат ўшандин.
Етишди нуридин чун талъату тоб,
Дурахшон бўлди кўкда ою офтоб.
У келди кокили мушкинни ёза,
Бошига қўндириб тожи мурассаъ.
Ки сочи атри осмонларга етди,
Юзи нури бутун оламни тутди.
У мушкдин еру кўк бўлди муаттар,
У нурдин икки олам чун мунаввар.
190 Ажаб хуршиди руҳи дилситони,
Ёпинчиқдир қуёшга тайласони18.
Ажабдир икки гесуйи сиёҳи,
Ки ҳар торида юз бир жон паноҳи.
Етарди унга Ҳақдин нур дамо-дам,
Намоз чоғида жаннатдин узум ҳам.
Узумким айлар эрди ул тановул,
Таралгай эрди андин нур бўлиб ул.
Агарчи жони Ҳақдин пурнур эрди,
Вале кофир туфайли ранжур эрди.
195 Тиши сингай эди гоҳида тошдин,
Оёғи ҳам шишиб тоат, талошдин.
Босаркан гоҳи ғам, айларди бардош,
Гаҳи бойлаб юрарди қорнига тош.
У боис келди дунё бирла уқбо,
У боис осмон юксалди зебо.
Бу йўлда қанча жонлар чекдилар ранж,
Магар ранж чекмайин келгаймидир ганж?
Амин эрди, муфассир эрди гарчанд,
Тузатди, раъйини ўзгартди баъзан.
200 Чу айлантирди илкида узукни,
Етишди Жабраил, деди тузукни19.
Ки, эй саййид, узукдин сен йироқ тур,
Узук бирлан ишингда бўлмагай нур.
Узукдек шу фалак илкингга инди,
Узук бирлан нечун машғулсен энди?
Нигини Ҳақда эрмиш гар дилинг у,
Сулаймоннинг узугин этма орзу.
Не эрмиш гар унинг нақшида номдир,
Агар олтиндан эрса, ул ҳаромдир.
205 Узукмас, сен ўгир тасбиҳни ҳар он,
Бугун тасбиҳ ўгиргай марди майдон.
Сенга ой бўлди ангишвона, тақдинг,
Замоннинг кўзига бармоқни тиқдинг.
Сенинг ҳар бармоғингда юз ҳунар, сен
Нечун кўнгил узукка бойлагайсен?
Ўра бармоққа ипни, айла бандлиғ,
Ки то ёдингга тушгай дардмандлиғ.
Беролмас ҳеч итоби кибриё тоб,
Агар бармоқни урсанг сувга, офтоб.
210 Чу биздин қилча ҳам айрилма, илло,
Агар қил бўлса ҳам ул, кечма асло.
Қўлинг бармоқлари гар ишлар эрса,
Чиқаргил қонли енгингдин шу лаҳза.
Букиб бармоқларинг эт сарҳисобинг,
Ки осон кечгай ул рўзи ҳисобинг.
Этармен сенга такрор эртаю кеч,
Ки сендин ўзга кимса мен учун ҳеч.
Сенга жангу жадалда этдим имдод,
Чу сен шогирдсену мен сенга устод.
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «АСРОРНОМА», автора Шайх Фаридуддин Аттор. Данная книга относится к жанру «Cтихи и поэзия». Произведение затрагивает такие темы, как «суфизм», «восточная мудрость». Книга «АСРОРНОМА» была издана в 2023 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты
