Читать книгу «Ортда қолган йўл» онлайн полностью📖 — Санобар Нишонова — MyBook.
cover

Санобар Нишонова
Ортда қолган йўл: Қиссалар, ҳикоялар

КИТОБ ҲАҚИДА

Мен Санобар Нишонованинг китобхонга тақдим қилинаётган “Ортда қолган йўл” китоби қўлёзмасидан ўрин олган қиссалар ва ҳикояларни ўқиб чиқдим. Уларда тасвирланган воқеаларнинг шахсан гувоҳи бўлганман. Бу воқеалар иккинчи жаҳон уруши машаққатлари ва мусибатларини бошидан кечирган менинг ва менинг ёшимдаги кишиларнинг ҳаётига жуда ўхшаб кетади. Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан якунланди, бироқ бу жуда катта йўқотишлар эвазига бўлди. Мудҳиш урушнинг аламли жароҳатлари қалбларимизда қолиб кетди. “Ортда қолган йўл” ва “Мурғак қалб жароҳатлари” қиссалари ана шулар ҳақида ҳикоя қилади. Қисса қаҳрамонлари Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўл уруш йилларида барча болалар бошидан ўтказган оғир кечмишлардир. Қаҳрамонларнинг ана шу ҳаётий йўли муаллиф томонидан ўзига хос услубда жонли ва қизиқарли тасвирлаб берилган. Бу бизнинг тарихимиз ва уни ҳозирги ёшлар билишлари керак. Мен муаллифни табриклаган ҳолда ёшларга шундай дегим келади: “Эй, набираларим, қизларим! Сизлар Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўлдан воқиф бўлар экансиз, бугунги бахтли ҳаётимизга, беташвиш болалигингизга шукроналар айтасиз. Ҳаётни қадрлайсиз, яшашга, яратишга бўлган интилишингиз ортади. Боболарингиз ва бувиларингиз босиб ўтган йўл қанчалик машаққатли бўлганлигини чуқур англаб етасиз. Бу китобни ўқинг ва ўтмишимизни унутманг”.

Худойберди Тўхтабоев,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

ҚИССАЛАР

ОРТДА ҚОЛГАН ЙЎЛ

Отам Қаршибой ва онам Холбиби хотираларига бағишлайман.


Биринчи қисм

Муқаддима

Жажжи Саодат юзига беҳисоб тиканлар қадалгандай бўлди-ю, чинқириб уйғониб кетди. У муштчалари билан кўзларини ишқалаб уйқусини ҳайдаркан, ўзини бир бегона киши эркалаётганини кўрди. Лекин у киши гўдакнинг ширин уйқусида чўчитгани билан иши йўқ, осмонга ирғитар, оғзидан келаётган бадбўй ҳид қизчанинг нафасини бўғар эди. Саодат бир зум ҳайрат билан унга қараб турди-да, ваҳима билан йиғини қайтадан бошламоқчи эди, у кишининг ўзи ўкириб йиғлай бошлади:

– Гулсарагинам, болагинам, мени ташлаб қаерларга кетдинг?! Дод ўлимнинг дастидан!

Энди у ўзини каравотга отди. Жазаваси тутиб, бошига муштлай бошлади.

Нарироқда ўттиз беш-қирқ ёшлардаги бир аёл қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизалоғини бағрига босиб, пастки лабини тишлаганича бу нотаниш “ўйин”га ҳайрон бўлиб қараб қолган эди. Бўлаётган барча ҳаракатларга кўникиб қолганиданми, йигирма ёшлардаги бир жувон уни тинчлантирмоқчи бўлар, эркак эса тўғри келган томонга ўзини ташлаб, беўхшов ҳаракатлар қилар эди.

Осмон узоқ, ер қаттиқ

Соҳиб ака билан Холида опанинг учта попукдек қизи бор эди. Тўнғичи Моҳирадан кейин туғилган икки ўғлини ажал юлиб кетди. Улардан кейин туғилган Шоҳида омон қолди. Кейин яна бир ўғил кўришди. У ҳам қизамиқнинг қурбони бўлди. Кейинги туғилган қизини саодатли бўлсин, кетидан туғилган ўғил ўлмай қолсин деб, отини Саодат қўйишди. Соҳиб ака уч қизини жонидан ҳам азиз кўрар, “ўғлим йўқ”, деб Холида опани ўкситмас эди. Ҳатто уйда рўзғор ишлари билан ўралашиб сиқилмасин, ўқиб бирор ишга овунсин деб, уни ўша вақтларда янги очилган саводсизликни тугатиш курсига киритиб ҳам қўйди. Холида опа янги келган боласи тенги ёш муаллимнинг олдида ўзини ноқулай сезиб, қоғозга ёзаман деб уни тешиб қўйди ва шу чиққанича мактабга қайтиб бормади.

– Қизларим ўқисин, дадаси, энди мен ўқиб шаҳар сўрармидим, – дерди эрининг қистовига эътироз билдириб.

– Қизларинг ўқиса ўз йўлига, замони шундай келди. Сен ўқисанг ҳам ўз йўлингга, кўзинг очилиб оқ-қорани танийсан-ку ҳеч бўлмаса, – дерди куюниб.

Соҳиб ака қанча уринмасин Холида опани мактабга чиқара олмади. Хотинидан ҳафсаласи совиганидан кичик қизи Саодатни тиззасига ўтқазиб оларди-да:

– Ўқимасанг ўқима. Бир кун келиб пушаймон бўларсан. Аммо-лекин шу қизимни бир ўқитай. Ўқиб муаллима бўлса, кўриб балли дерсан.

Соҳиб аканинг уйи мактабга яқин бўлганиданми ёки узоқ қариндошлигиданми янги келган муаллим уларникига тез-тез чиқиб турарди. Айрим пайтлар туман халқ судида ишлаётган акасини ҳам бошлаб чиқиб, Соҳиб ака билан анчагача гаплашиб ўтирар эди. Холида опа эса йигитларнинг кири-қуши, озиқовқатидан хабардор бўлиб турарди.

Ака-укалар феъл-атвори тамоман бир-бирига ўхшамас: укаси Турсунбой камгап, бамаъни, босиқ, хушфеъл йигит бўлса, акаси Турғунбой унинг акси: сергап, енгилтак, ишдан кейин қишлоқ дўконида ичиб олиб, тўполон чиқариб юрар эди. Соҳиб акаларникига келганида ҳам энди бўй чўзиб, оқи оққа, қизили қизилга ажралиб, товусдай товланган Моҳиранинг изидан беҳаё кўзларини узмасди. Соҳиб акага бу нигоҳлар тиғдай туюларди. Бу бемаъни йигитни жини суймаса ҳам муаллим Турсунбой ҳурмати гаплашишга мажбур эди. Ҳаёт шу зайлда бир меъёрда оқаётганда шумхабар тарқалди. Гитлер деган босқинчи уруш бошлапти! Қўшни халқларни оёқости қилаётган эмиш. Дастлабки сафарбарликда Турсунбойга ҳам чақириқ қоғози келди. Уни саккиз йигит билан биргаликда бутун қишлоқ аҳли кузатгани чиқди. Кўзга яқин бўлиб қолган Моҳирани уйда қолдириб, Соҳиб акалар станцияга йигитларни кузатгани кетишди. Кузатувчилар орасида негадир Турғунбой йўқ эди.

Моҳира қўлигул чевар қиз. Бир ўзи ҳовлида кезиб зерикди, юмушларини бажариб бўлиб уйга кирди ва ўртоқлари ташлаб кетган чок-чукларни машинада тикишга тутинди. Кеч бўлиб, қоронғи туша бошлаган эди. Чокка тикилавериб чарчаган кўзларини қўллари билан ишқалади-да, “Бунча кечга қолишмаса”, деб деразага қаради.

Шу пайт кўзи деразадан унга қараб тикилиб турган бир кимсага тушди. Шундай туюлаётгандир деб ўйлаб, қаттиқроқ ишқалади. Йўқ, ростдан ҳам унга биров тикилиб турарди. Шу пайт дераза қаноти очилди-ю, у кимса гурс этиб ўзини хонага ташлади. Бу Турғунбой эди. Моҳира “дод!” деб чинқирганича бурчакка бориб қапишди. Турғунбой эса секин бориб эшикнинг илгагини солди. Моҳира қўрқувдан дағ-дағ титрар, тили калимага келмас эди. У кимса Турғунбой эканлигини кўриб, салгина ўзини босди. Тили айланди:

– Нима қилиб юрибсиз бу ерда, Турсунбой акамни кузатмай?

– Турсунбой акангиз кетаверади-да, нима, у ёш боламиди, қўлидан етаклаб боргани. Қайнотамиз кузатиб қўядилар-да! – деди эшикка суянганича. Бу илмоқдор гапдан Моҳира чўчиб тушди. Лекин ўзини гўлликка солди. Пойма-пой гапира бошлади.

– Қайнотангиз ким, Турғунбой ака? Чиқинг бу ердан, дадамлар келиб қолишса, нима деган одам бўламан?

– Худди шу келишларини кутиб турибмиз-да, жонидан. Ҳозир сиз розилик берасиз, кейин мен у кишига муддаомни айтиб, тўйни бошлаймиз.

Моҳира йиғлаб юборди:

– Кетинг бу ердан, сизни жинимдан ҳам баттар ёмон кўраман. Йўқолинг ҳозир! – деб овозининг борича бақирар эди.

Турғунбой “бас!” деб Моҳирага томон энди ташланмоқчи эди, ҳовлидан Соҳиб аканинг “Моҳи!” деган овози келди. Кейин келиб, уйнинг эшигини тортган эди, ичидан илгак илинганлигини кўриб, ҳайрон бўлди. Отасининг товушини эшитиб, Моҳирага ҳам жон кирди.

– Дадажон, эшикни очинг! Тез очинг, – овози борича дод солди.

Эшик илгагини Турғунбой очди. Зарб билан уйга отилган ота рўпарасида турган йигитни кўриб, серрайганича қотиб қолди. Бир зум шу зайлда тургач сўради:

– Нима қилиб юрибсан бу ерда, аблаҳ?!

– Аблаҳ деманг, куёв бўлмоқчиман.

– Қандай юзинг чидайди шу сўзни айтишга? Сенга қизимнинг тирноғини ҳам тутқизмайман. Йўқол кўзимдан!

– Тутқизмай бўпсиз, – деди Турғунбой босиқ. – Бадном қиламан, мана ўзингиз ҳам кўриб турибсиз хонасидан чиқаётганимни.

Соҳиб аканинг боши эгилди. Ёнидан Турғунбойнинг лип этиб ўтиб кетганини ҳам сезмади. “Эсиз болам!” деганича ўзини ерга отди.

Бурчакда эса қиз ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди…

Эртасига кечқурун маҳалланинг икки кексаси совчи бўлиб кирди. Уларга Турғунбой ўз макрини ростдай қилиб тушунтирган эди: гўё қиз ҳам уни хуш кўрар эмиш. Бу кирди-чиқди анчадан бери давом этаётган эмиш.

Бечора отанинг мағрур боши бу шармандаликдан эгилди. Номусларга чидамаганидан: “Битта қизим йўқ энди, наҳотки авайлаб ўстирган болам юзимга қора суртса”, деб куйиб ёнарди. Ниҳоят қизининг арз-додига қарамай никоҳлаб берди. Тўй-тўй эмас, аза бўлиб ўтди.

Орадан икки ой ўтар-ўтмас, ёш келинни олиб Турғунбой бошқа районга ишга кетди. Минг қилса ҳам фарзанд-да, кўнгли қолган бўлса ҳам ота ич-ичдан эзиларди. Ёшгина қизи у енгилтак билан қандай яшаётган экан…

Онаизорнинг фарёдига эса олам титрарди.

Орадан бир ярим йил ўтганда “Оиламизда қиз туғилди”, деб Моҳирадан хат келди. Моҳира шўрлик дуои саломдан сўнг буларнинг боришини такрор-такрор сўраган эди. Ота гина-кудуратга қарамай, неварага совға-саломлар олиб жўнайман деб турганда, қишлоқдаги кўпчилик эркаклар қатори у ҳам фронтга чақириқ қоғози олди.

Кузатгани чиққан Холида опа ўн тўрт ёшли Шоҳидани етаклаб, уч ёшли Саодатни кўтариб олган эди. Кўзидаги ёши шашқатор, узоқдаги қизининг отасини кўролмай қолаётганидан қалби яра. Буларнинг аччиқ аламига монанддай ҳаво ҳам дим, тўзонли. Вагонларга чиқишга буйруқ берилганда Соҳиб ака қизларининг пешонасидан ўпди. Хотинининг кўзига тикилиб, бир нарса томоғини бўғаётгандай хирқираб гапирди.

– Болаларга эҳтиёт бўл. Энди сен буларга ҳам отасан, ҳам она. Мен келгунча Моҳиранинг олдига кўчиб бориб тургин. Болагина ёлғиз қийналмасин, – дея кейин бир зум жим қолди. Юзини четга бурди. – Мабодо… мабодо келмай қолсам… Ахир буни уруш дейдилар! Мабодо келолмай қолсам, бу иккаласини, албатта, ўқит…

Холида опа чидай олмади, ўкириб ўзини эрининг кўксига отди. Шу пайт узун гудок чинқирди. Поезд аста-секин тезлашиб, вагонлар узоқлаша бошлади. Холида опа анча ергача вагоннинг тутқичидан ушлаганича югуриб борди-да, поезд тезликни оширгандан сўнг қолиб кетди.

Йигирма йиллик қадрдон умр йўлдошидан биринчи марта ажралиб қолаётгани учун кўзлари ҳижрон ёшларига тўла эди. Шунингдек, узоқдаги тўнғич фарзандининг ота дийдорини кўролмай қолганидан ҳам ўртаниб, дили вайрон эди. Ёнидаги икки гўдагига бугундан бошлаб ҳам ота, ҳам она бўлиб парвона бўла олармиканман, деган ўй-хаёлда фарёд чекди.

У уйига бир олам ғаму ҳасратда қайтиб келди. Почтальон хат ташлаб кетибди. Шоҳидага ўқитди. Мунгли қизи неварасининг вафот этганини хабар қилар эди.

– Эй, фалак! Ҳамма кўргиликларни наҳотки бир кунга йиғиб қўйган бўлсанг?! – дерди нола қилиб Холида опа.

Кун бўйи йиғлади. Ҳовлиси қўшнилар билан лиқ тўла бўлса ҳам, қалби бўшаб қолгандай эди. Эртасига раиснинг олдига борди. Воқеани тушунтирди:

– Мени Моҳиранинг олдига кўчиб боришимга ёрдам берсангиз, – деди мўлтиллаб.

– Синглим, – деди кекса, кўпни кўрган раис Тошпўлат ота, – икки ёш гўдагингиз билан нотаниш жойда қийналиб қолмасмикансиз? Куёвингизнинг феъли ўзингизга аён.

– Майли, мен қийналай, аммо болам қийналмасин. Овунчоғидан ҳам ажралиб, йўлимга кўзлари нигорон бўлиб ўтиргандир бечоранинг. Бирорта менга яраша иш-пиш ҳам топилиб қолар. Гўдакларимни куёвнинг қўлига қаратиб қўймасман.

– Соҳиббой хафа бўлади биздан-а, синглим, – деди раис ҳам бўшашиб.

– Хафа бўлмайдилар. Эсон-омон келсалар, Моҳираларни ҳам бирга кўчириб яна келаверамиз-да. Ўз қишлоғимиз, ўз ҳовли-жойимиз, – деди Холида опа худди ўша қувноқ кунлар яқиндай бирдан тетикланиб.

Ниҳоят, раис рози бўлди. Машина ажратиб, киши қўшиб, Холида опани енгил кўчириб юборди. Ҳовли-жойига, қолаётган мол-ҳолига ўзимиз бошқош бўлиб қараб турамиз, деб тинчитди.

Жажжи Саодатни ширин уйқудан совуқ эркалаши билан чирқиратиб уйғотган киши поччаси Турғунбой эди.

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Ортда қолган йўл», автора Санобар Нишонова. Данная книга. Произведение затрагивает такие темы, как «женская проза», «женская судьба». Книга «Ортда қолган йўл» была издана в 2024 году. Приятного чтения!