Утопиялар рўёбини тасаввурга сиғдириш бугун ҳар қачонгидан ҳам осонлашди. Бу эса олдимизга бошқа бир оғриқли саволни кўндаланг қўяди: хўш, бу муқаррарликдан қандай қочиб қутулиш мумкин? Утопияларга етса бўлади. Ҳаёт бизни утопияларга элтади. Эҳтимол, янги давр бошланар. Шундай даврки, илм ва маданият аҳли утопиядан халос бўлиш ва у қадар “мукаммал” бўлмаган ҳамда нисбатан озодроқ нон-утопик жамиятга қайтишни орзу қиладилар.
Николай Бердяев
Ўттиз тўрт қаватдан иборат пастқам, кулранг бино. Асосий дарвозасига “Марказий Лондон Инкубаторийси ва Мослаштириш Маркази” деган пешлавҳа осилган, гералдик қалқон юзида эса Бутунжаҳон Мамлакати шиори – “Жамоа, Ўхшашлик, Барқарорлик” акс этиб турибди.
Биринчи қаватдаги улкан зал деразалари шимолга қараган. Зал ИЧИ нафасни бўғадиган даражада иссиқ бўлишига қарамай, ойна орти бутун ёз бўйи совүққина эди. Қуёшнинг ўткир ва ингичка шуъласи қандайдир ўралган беозор манекенни, сўлғин ва ғуддадор бўлса-да, шир-яланғоч танани очкўзлик билан излаб ойнадан мўралайди-ю, лабораториянинг никель, шиша, совуқ жилваланган чинниларидан бошқа нарса тополмайди. Қишни қиш қарши олади. Ишчиларнинг халати оқ, қўлларида эса мурданикидек рангпар резина қўлқоплар бор. Ёритиб турган нур ҳам совуқ, ўлик ва хира; микроскопнинг сариқ найчалари юзасидагина жонланиб, ширали тус оларкан, иш столларига қатор терилган бу силлиқ қувурчалар сиртига сариёғ суртилгандек таассурот уйғотарди.
– Бу – Уруғлантириш зали, – деди Инкубаторий ва Мослаштириш маркази Раҳбари эшикни очаркан.
Раҳбар кирганда уч юз нафар уруғлантирувчи ўз микроскоплари узра мук тушганча нафасларини ичига ютиб, чуқур сукутга чўмганди. Фақат ора-сирада кимдир ҳардамхаёллик билан минғирлаб қўяр, диққати бўлиниб, ҳуштак чаларди. Митти ва тажрибасиз жўжалар галаси монанд янги келган ёш талабалар Раҳбарнинг ортидан ҳаяжон ва тавозе билан қадам ташладилар. Ҳар бир “жўжа”да биттадан ён дафтар, буюк раҳнамо оғзини очди дегунча, унинг салкам аксиришини ҳам қайд этиб қўйишга чоғланишарди. Донишманд оғзидан биринчи қўл қайдлар! Ноёб имконият! Марказий Лондон ИММ раҳбари янги талабаларни заллар ва бўлимлар билан шахсан таништириб чиқишни ўзининг доимий бурчи санарди.
– Умумий ғояни англаб олишинглар керак, – дея мазкур экскурсия муддаосини очиқлади у. Дарвоқе, қилаётган ишларининг моҳиятини англаб етишлари учун ҳам уларга умумий ғоя ҳақида тасаввур бериш керак, фақат оз миқдорда, акс ҳолда, улардан жамиятнинг бахтиёр ва дуруст аъзолари чиқмайди. Ахир бу ҳаммага аён: бахт ва фазилат эгаси бўлишни истасанг, аниқ нарсаларни бил; умумий ғоялар, шаксиз, маънавий ёвузликдир. Файласуфлар эмас, марка йиғувчилар ва чорчўп усталари жамиятни тутиб турувчи устунлардир.
– Эртадан, – гапида давом этди у мулойим ва бироз таҳдидли жилмаяркан, – ишга жиддий киришишингиз керак бўлади. Умумий хулосалар қилишга вақт қолмайди. Ҳозирча эса…
Ҳозирча каттагина илтифот кўрсатилди. Унинг оғзидан чиққани тўғридан-тўғри дафтарга кўчарди – йигитчалар уларни телбаларча қоғозга туширарди.
Баланд бўйли, қотмадан келган, аммо қадди тик Раҳбар залга кирди. У иякдор, гапирмаган пайтида йўғон ва дабдабали қайрилган лаблари йирик тишларини қоплаб турарди. Ёш эдими ё қари? Ўттиз ёшдами? Элликдами? Балки, эллик бешдадир? Буни аниқ айтиб бўлмасди. Қолаверса, бу савол хаёлингизга келмасди ҳам; айни дамда, барқарорлик даврида, Форддан кейинги 632 йилда бунақа саволлар мияга келиши амримаҳол.
– Бошидан бошлайман, – деди Раҳбар ва ўша заҳоти талабаларнинг энг тиришқоқлари унинг мақсадини оққа кўчирдилар: “Бошидан бошлайман”.
– Мана шу ерда инкубаторларимиз жойлашган, – деди у қўли билан ишора қилиб, сўнг иссиқлик ўтказмайдиган эшикни очди. Талабалар кўз ўнгида рақамлаб қўйилган қатор-қатор пробиркалар – штативлар, стеллажлар гавдаланди.
– Булар ҳафталик тухум ҳужайралар партияси. Ўттиз етти даража ҳароратда сақлаймиз; нар уруғларига келсак, – энди у бошқа эшикни очганди, – уларга ўттиз беш даража иссиқлик кифоя. Қон ҳарорати уларни бепушт қилиб қўйган бўларди.
(Момиқ пахтага ўралган қўй насл бермайди).
Раҳбар ўрнидан жилмай, замонавий уруғлантириш жараёнини қисқача баён этишга киришди, қаламлар эса ўша-ўша қоғоз узра югуриб, мужмал излар қолдирарди. Бошлиқ гапни, албатта, жараённинг жарроҳлик амалиётига оид муқаддимасидан бошлади:
– Ярим йиллик маошга тенг мукофотни қўя турайлик, жамият равнақи учун ҳам бу столга ётишга ихтиёрий равишда рози бўлишди.
У кесиб олинган тухумдоннинг яшовчанлигини сақлаш, унумдорлигини ошириш йўлларига ҳам тўхталиб, оптимал ҳарорат, ёпишқоқлик, тузли таркиб ҳақида маълумотлар берди. Ажратиб олинган ва етилган уруғлар сақланувчи озуқавий суюқлик ҳақида гапираркан, қўл остидагиларни иш столига юбориб, ўша суюқлик пробиркадан қандай олиниши, микроскопнинг махсус иситилган шиша слайдига томчилатилиши, ҳар бир томчидаги тухумҳужайралар нуқсони бор ёки йўқлиги ўрганилиши, кейин қайта санаб чиқиб, ғовак тухумидишларга жойланиши, идиш (у талабаларни сал нарига олиб ўтиб, бу жараённи ҳам ўз кўзлари билан кузатишларига қўйиб берди) сперматозоидлар эркин сузиб юрган илиқ суюқликка ботирилиши, суюқлик зичлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб, бир миллилитрга камида юз мингта тўғри келиши кераклиги, ўн дақиқадан сўнг тухумидиш ни суюқликдан олиб, таркиби қайта текширилиши, тухумҳужайраларнинг барчаси уруғланмаган бўлса, идиш қайта ботирилиши, зарурат туғилса, учинча марта ҳам бу ҳолат такрорланиши, сўнг уруғлантирилган тухумлар инкубаторларга қайта жойланиб, альфа ва беталар то тиқинлаш жараёнигача ўша ерда қолиши, гамма, дельта ва эпсилонлар эса ўттиз олти соатдан сўнг Бокановский услубида ишлов бериш учун ажратиб олиниши кабилар ҳақида батафсил тушунтирди.
– Бокановский услуби бўйича, – такрорлади Раҳбар (талабалар эса бу сўзларни ҳам ўз ён дафтарчаларига қайд этиб қўйдилар), – бир дона тухумҳужайра, битта ҳомила, бир балоғатга етган организм – табиий ривожланиш схемаси шу. Бокановский услуби қўлланган тухумҳужайра эса пролиферлашади, яъни куртакланади. У саккизтадан тўқсон олтитагача куртак бериб, ҳар бир куртак тўлиқ ривожланган ҳомилага, ҳар бир ҳомила эса одатий ўлчамдаги, тўлақонли организмга айланади. Олдин биттагина одам вояга етган бўлса, шу тарзда биз бирдан тўқсон олтитасини етиштирамиз. Мана, натижа! Аслида, бокановскийлаш ривожланишга тўсқинлик қилувчи жараёнлар тизимидан иборат. Биз меъёрий ўсиш йўсинига халақит берамиз, бироқ қанчалар ғалати кўринмасин, улар бунга жавобан куртакланади.
“Бунга жавобан куртакланади”, – қаламлар ёзишдан тинмасди.
У ўнг тарафни кўрсатди. Устида пробиркалар тизмасини элтиб бораётган конвейер тасмаси темир қути томон аста ҳаракатланар, қутининг нариги тарафидан эса ишлов берилганлари чиқиб келмоқда эди. Машиналар заифгина гувилларди.
– Штатив ва пробиркаларга ишлов беришга саккиз дақиқа етади, – таъкидлади Раҳбар. – Тухумҳужайралар саккиз дақиқагача рентген нурига дош беради. Айримлари дош беролмай, нобуд бўлади. Қолганларидан энг чидамлилари иккига бўлинади, кўплари эса тўртта куртак беради, баъзилари ҳатто саккизта. Шундан сўнг куртаклар ривожланишга киришиши учун тухумҳужайраларнинг барчаси инкубаторларга қайтарилади. Сўнг икки сутка ўтгач, улар бирдан совитилиб, ривожланишига монелик қилинади. Бунга жавобан улар яна урчиб, кўпая бошлайди, ҳар бир куртак иккитадан тўртта ё саккизтагача янги куртакларни беради ва ўша ондаёқ уларни спирт билан салкам ўлгунича гангитиб қўямиз. Натижада улар яна – учинчи бор кўпаяди. Шундан сўнггина уларга хотиржам униб-ўсишлари учун имкон яратилади. Чунки энди уларнинг ривожига халал бериш муқаррар ўлимга олиб келади. Шундай қилиб, аввалги бир дона аслий тухумҳужайра тақрибан саккизтадан тўқсон олтитагача ҳомила олиш имконини беради. Хўп деяверинг, табиий жараёнга бундай ижобий таъсир ўтказиш – мўъжизанинг ўзи. Ҳолбуки, эски замонларда она қорнида тухумҳужайранинг тасодифий бўлинишидан иккита ёки учта айнан ўхшаш эгизак пайдо бўларди, бу ерда эса ўнлаб бир-бирига ўхшаш алоҳида ҳомилалар бор.
Раҳбар, худди ҳиммат кўрсатаётгандай, қўлларини кенг ёзиб такрорлади:
– Ўнлаб! Ўнлаб ва яна ўнлаб…
Аммо талабалардан бири шунчалар содда эканки, бунинг афзаллиги нимада эканини сўрашга журъат қилди.
– Бўталоғим!.. – у томонга кескин бурилди Раҳбар. – Наҳотки, шунга ақлингиз оқсади? Наҳотки, оқ-са-ди?
У қўлларини баланд кўтарди, юз ифодаси виқорли эди.
– Бокановскийлаштириш жамият барқарорлигининг энг ишончли кафолати-ку!
“Жамият барқарорлигининг энг ишончли кафолати”, – бу гап ҳам унинг оғзидан чиқиб улгурмай ён дафтарларга муҳрланди.
– Стандарт эркак ва аёллар. Баб-баравар ва бир хил. Бокановскийланган биргина тухумҳужайра билан бутун бошли кичикроқ заводни таъминлаш мумкин. Тўқсон олтита бир хил дастгоҳда ишлаётган, икки томчи сувдай ўхшаш тўқсон олти эгизак!.. – Раҳбарнинг овози ҳаяжондан бир оз титраб чиқди. – Ўз ўрнингизни албатта биласиз. Тарихда биринчи марта. “Жамоа, Ўхшашлик, Барқарорлик”…
У сайёра шиорини дона-дона қилиб айтди. Буюк сўзлар!
– Агар тўхтовсиз бокановскийлаштириш имкони бўлганда эди, барча муаммолар ўз ечимини топиб кетарди.
Уларни бир турдаги гаммалар, бир хил дельталар, бир қолипдаги эпсилонлар ҳал қиларди. Бир тухумҳужайрадан унган миллионлаб айнан ўхшаш эгизаклар. Оммавий ишлаб чиқариш тамойили ниҳоят биологияга татбиқ қилинди.
– Аммо, афсуски, – Раҳбар бошини чайқади, – бу чўққига етиб бўлмайди, тўхтовсиз бокановскийлаштиришнинг иложи йўқ.
Афтидан, эришиш мумкин бўлган энг юқори натижа тўқсон олтита, қониқарли, ўртача рақам эса етмиш икки эди. Юқори натижага яқинлашишнинг (эҳ, яқинлашиш холос!) ягона йўли – битта тухумдондан олинган тухумҳужайра ва битта эркакдан олинган гаметадан имкон қадар кўпроқ бокановскийланган насл олиш. Лекин бу ҳам осон эмас.
– Чунки тухумдон табиий шароитда икки юзта етилган тухумҳужайра бериши учун ўттиз йил кетади. Бизнинг ишимиз эса доимий равишда аҳоли сонини барқарорлаштириб туришдир. Ишни чорак асрдан ортиққа чўзиб, эгизакларни томчилатиб ўтириш нимага ҳам кор келарди?
Албатта, бу ҳеч нимага кор келмасди. Аммо Подснап услуби шарофати билан етилтириш жараёни сезиларли тезлашди. У икки йиллик қисқа муддатда тухумдондан камида юз элликта вояга етган тухумҳужайра олиш им конини беради. Бу тухумҳужайраларни уруғлантиринг ва боконовскийлаштиринг, бошқача айтганда, етмиш иккига кўпайтиринг. Қарабсизки, ёшлари орасидаги фарқ нари борса, икки йил бўлган бир юз эллик партия эгизакдан деярли ўн бир минг нафар ака-ука, опа-сингиллар чиқиб турибди.
– Истисноли ҳолларда битта тухумдондан ўн беш мингдан ортиқ ҳосил униб қолиши ҳам мумкин.
Шу вақт нарироқдан малла сочли, қип-қизил юзли йигит ўтиб қолди.
– Жаноб Фостер!.. – чақирди Раҳбар. Қизғиш юзли йигит улар томон яқинлашди.
– Жаноб Фостер, бизга шу кунгача битта тухумдондан олинган энг кўп насл сонини айтсангиз.
– Бизнинг Марказда бу рақам ўн олти мингу ўн иккитани ташкил қилади, – жаноб Фостер тутилмасдан, мовий кўзлари ёрқин чарақлаганча жавоб берди. У жуда тез гапирар ва рақамларни айтаётганидан мамнунлигини яширмасди. – Ўн олти мингу ўн иккита – бир юз саксон тўққиз эгизак партиядан. Лекин, албатта, – у вайсашда давом этди, – айрим тропик Марказларда натижалар бирмунча юқори. Сингапур одатда ўн олти минг беш юзтадан ортиқ олади, Момбас эса ҳатто ўн етти минглик маррага етди. Аммо буни тенг кучлилар беллашуви деб бўладими? Занжи тухумдони гипофиздан қандай таъсирланганини кўрганингизда эди! Европа материалини ишлатиб юрган биз кабиларни бу шунчаки довдиратиб қўяди. Ҳали ҳам, – у самимий кулги билан қўшиб қўйди, аммо унинг кўзлари жанговар руҳда ёнар, жағи эса олдинга даъваткорона чўзилганди, – аммо имконимиз бўлса, биз уларни енгишни истаймиз. Айни дамда мен ажойиб дельта-манфий тухумдон устида ишлаяпман. Ишлашни бошлаганимга бир ярим йилгина бўлди. Лекин ундан аллақачон ўн икки минг етти юздан ортиқ бола олинди – бир қисми бошқа бўлимга ўтказилди, бир қисми ҳали эмбрион. Шунга қарамай, тухумдон ҳали бақувват. Ҳа, биз ҳали уларни доғда қолдирамиз!
– Ғайратингизга балли!.. – хитоб қилди Раҳбар ва жаноб Фостернинг елкасига қоқиб қўйди. – Бизга қўшилинг, мана бу ёшлар ҳам билимингиздан баҳраманд бўлиб қолишсин.
Жаноб Фостер камтарона жилмайди:
– Жоним билан!
Шундан сўнг улар сайрни бирга давом эттиришди.
Тиқинлаш залида иш уйғун ва бир маромда қайнарди. Бу ерга ертўладаги Тана аъзолари сақланадиган омбордан митти лифтларда янги сўйилган чўчқанинг бир ўлчамда кесиб олинган қорин пардаси бўлаклари келиб турибди. Визиллаб келган лифт эшиги шарақлаб очилади. Шишаларни бир текисда териб қўювчи эса қўлини чўзиб, бўлакларни олиб, шиша ичига текис жойлаб турса бўлгани. Кейин тасма устида терилган шишалар силжиб, қўл етмас жойга бормасдан, аввалгидай лифт визиллаб чиқиб, шарақлаб очилади – янги бўлак конвейер узра узун тизилган шиша идишлардан навбатдагисига тўшалишга тайёр ҳолда омбор ертўласидан елдай учиб чиқади.
Шу ернинг ўзида шишага жойловчилардан кейин зарядловчилар туради. Тасма сирпанади; тухумҳужайралар пробиркалардан шишаларга навбатма-навбат ўтказилади: қорин пардаси чаққонлик билан кесилди, морула ўз ўрнига жойланди, тузли қоришма билан тўлдирилди… Шиша у ердан ўтиб, қадоқловчилар қўлига боради. Ирсият, уруғлантирилган сана, Бокановский гуруҳи – барча маълумотлар пробиркадан шиша идишга кўчирилади. Мана, энди улар исмсиз эмас, паспорт олган шишалар ўз йўлида аста давом этади ва девордаги дарча орқали Ижтимоий тайинловлар залига оҳиста ва бир маромда кириб боради.
– Картотекалар кўлами саксон саккиз куб метр! – эълон қилди жаноб Фостер залнинг кириш эшиги олдида оғзининг суви қочганча.
– Булар айни дамдаги ишимизга тааллуқли маълумотлар, – қўшиб қўйди Раҳбар.
– Ҳар тонгда у янгиланади.
– Тушга келиб эса улар мувофиқлаштирилади.
– Сўнг шунинг асосида ҳисоб-китоб қиладилар.
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ», автора Олдос Ҳаксли. Данная книга относится к жанрам: «Классическая проза», «Социальная фантастика». Произведение затрагивает такие темы, как «сатира», «будущее человечества». Книга «АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ» была издана в 2024 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты
