Доноликка эришиш учун инсон, энг аввало, ҳаётидаги кераксиз машғулотлардан воз кечиши керак.
– Лин Ютан
Графика бўйича дизайнер Эммет ўз ишида шижоат билан ишлайдиган ходим. Унинг битта шиори бор: "Ёрдамингни ҳеч кимдан асло аяма!" Одамлар унинг ёнига бирор юмуш билан ёрдам сўраб келишса, у ўйлаб ўтирмасдан, "Албатта, бажарамиз"– дея жавоб берарди. Унга инсонлардан миннатдорчилик эшитиш, уларнинг оғирини енгил қилиш жуда ёқарди.
Бахтга қарши, Эммет бир неча ишни ўз бўйнига олганлиги сабабли тезда чарчаб қолаётганди. Ҳамма нарса назоратидан чиқиб кета бошлади. У мижозларнинг кўнглини топиш учун кун давомида тинмай ишлар, аммо унинг ишларида борган сари камчиликлар ва нуқсонлар кўзга ташланарди. Бир қанча вақтдан сўнг унинг қилган ишларига бўлган талаб камайиб кетди.
Ноқулай аҳволдан ўзини сақлаш учун Эммет "йўқ" сўзидан фойдалана бошлади. Дастлаб, унда жасурлик бироз етишмади. Бирин-кетин мижозлардан буюртмалар қабул қилишга келганда у ўзига "Буюртмани ўз вақтида тугатишга улгура оламанми?"– дея савол берарди. Жавоби "йўқ" бўлса, таклифни ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад қиларди. Гарчи мижозлар бундан мамнун бўлишмаган бўлса ҳам улар Эмметни адолатлилиги учун ҳурмат қилишарди.
Ҳар бир кичик ғалаба Эмметнинг ғайратига ғайрат қўшди. Шундан кейин у буюртмаларни қуйидаги шарт билан қабул қилишни бошлади:
"Вақтимни ҳамда ўзимда мавжуд бўлган имкониятларимни яхшироқ нарсага сарфлаяпманми?"
Жавоб "ҳа" бўлмаса, бу таклифдан ҳеч иккиланмай воз кечарди. Бундан унинг айрим мижозлари норози бўлишган бўлса-да, кейинчалик улар Эмметнинг кўплаб рад қилишларига ўрганиб қолишди.
Ҳайратланарлиси шундаки, бироз муддат ўтгандан сўнг мижозлар Эмметга илгаргидан-да кўпроқ ишонишни бошлашди. У мижозларга шу даражада босиқлик билан муомала қилардики, улар Эмметнинг айтган сўзларига бутунлай ишонч билдира бошладилар. Эмметга доимий мижозлардан буюртма келиб тушгудай бўлса, ишдан унинг кўнгли тўладиган даражада бўлса, у ишни бажонидил қабул қилар ва уни якунламагунча бошқа буюртмаларни қабул қилмасди. Ишлар ўз жойига тушиб кетди. Мижозлар ҳам ундан янада яхши натижалар кута бошлашди.
Юқорида келтирилган Эммет мисолида биз сизга эссенциализмнинг муҳим бир фундаментал кўринишини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Яъники, ўз-ўзингизга ҳамма ишга улгура оламан дейишни ва ҳар бир учраган инсоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига "ҳа" деб жавоб беришни тўхтатиш билан сиз ўзингиз учун муҳим деб санаган нарсаларга қай даражада ҳисса қўшишингиз мумкинлигини исботладик.
Сизчи? Неча марта ўйламасдан "ҳа" деб юборгансиз? Ўзгаларга ёқиш ёки муаммолардан қочиш учун-чи?
Сизга бир неча саволларим бор: Бир вақтнинг ўзида кўп ва шу билан бирга самарасиз ишларни қилганмисиз? Узоқ муддатли, аммо натижасиз машғулотларни-чи?
Агар сизнинг жавобингиз, шубҳасиз, "ҳа" бўлса, демак, сиз учун бу муаммоларга ечим бўладиган ягона йўл мавжуд. У ҳам бўлса, эссенциалист бўлишдир.
Дитер Рамс узоқ йиллар Браун компаниясида бош дизайнер бўлиб ишлаган. Унинг шахсий кундалигининг кириш қисмида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: "Деярли ҳамма нарса шовқиндир. Фақатгина бир нечтаси муҳим". У ўз олдига бу шовқинлар оралаб асл моҳиятга етишни мақсад қилиб олганди. Мисол учун: компаниядаги 24 ёшли йигитчага овоз ёзиш қурилмаси(граммофон) дизайнини яратиш вазифаси юклатилди. Ўша пайтларда меҳмонхона жиҳозлари билан уйғунлик бахш этиш учун граммофонлар уст қопламаларини дарахт ёғочи билан қоплаш урф бўлган эди. Аммо у ва унинг жамоаси биргаликда ускунанинг асосий қисмини пластик қоплама билан ўрашди. Натижада, шовқин ҳам йўқолди, ускуна ҳам ихчамлашди. Илк бора қўлланган бундай дизайндан баъзилар "буни ким ҳам сотиб олиши мумкин?"– дея таҳликага ҳам тушишди. Лекин гарчи янгича ғояни талқин этиш катта жасорат талаб қилган бўлса-да, бу иш ўзини оқлади. 60-йилларга келиб камхарж усулда яратилган граммофонлар оммалашиб кетди.
Дитернинг замонавий дизайнерлик қобилиятини немисча учта сўз орқали яққол ифодаласа бўлади: Weniger аber bеssеr ("Оз – соз"). Бу ибора эссенциализм ҳақида юритиладиган фикрларнинг энг маъқулидир.
Эссенциалист йўли – ҳар доим камроқ, лекин яхшироқ усулларни излашдан иборат. Шу билан бирга, эссенциалист учун ҳал қилувчи рол – интизом.
Эссенциалист йўли Янги йилга келгуси йилдан бошлаб фақат "йўқ" дейишни режалаштириш ёки почтангизга келган хабарларнинг барчасини ўчириб ташлаш-у ўзингиз учун янги тайм-менежмент тузишдан иборат эмас, балки "Ҳақиқатан, мен вақтимни керакли машғулотга сарфлаяпманми?" – дейишдан иборат.
Дунёда биз вақтимизни ва имкониятларимизни сарфлайдиган машғулотларимиздан кўра кўпроқ фойдали ишлар мавжудки, улар биз учун керакли ва айни пайтда зарур бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик лозимки, уларнинг барчаси ҳам муҳим эмас! Эссенциалист йўли бизга ўзимизда мавжуд танловларни кўриб чиқиш ва улар ичидан энг мақбулини танлашни ўргатади.
Эссенциализм бир нечта юмушларни бир вақтнинг ўзида бажаришга ёрдам бермайди, аксинча бизга муқобил вариантларни танлашни ўргатади. Бу дегани "кам натижа учун кам меҳнат" дегани ҳам эмас. Эссенциализм – ўз кучингиз ва вақтингизни сиз учун асосий ва муҳим ишларга сарфлаш, бунинг натижасида максимал самарадорликка эришиш маҳоратидир.
Эссенциалист ва ноессенциалист орасидаги фарқни кейинги саҳифада берилган расм ҳамда жадвал орқали яққол кўришимиз мумкин.
Қуйидаги вазиятларда ҳар иккиласи ҳам тенг миқдорда куч сарфлашган. Чапдаги расмда энергия бир вақтнинг ўзида бир нечта машғулотлар томон йўналтирилган. Натижада, қилиниши керак бўлиб турган ишлар атиги бир миллиметрча олдинга силжиган, холос. Ўнгдаги расмда эса энергия бор-йўғи бир қанча машғулотларгагина ажратилган. Хулоса сифатида шуни айтиш ўринлики, кам машғулотларга кўп кучни тақсимлаш бизга энг муҳим ишларни қониқарли даражада бажара олишдек тажрибани беради.
Эссенциалистик йўл "ҳамма нарсага улгурамиз"деган фикрни ёқламайди. Аксинча, у мавжуд масалаларни аниқлаш ва муҳим қарор қабул қилишни таклиф этади. Маълумки, бир марта қабул қилинган қарор келгусидаги минглаб аҳамиятга молик қарорларни вужудга келтиради. Хуллас, биз ўзимиз учун ниҳоятда керакли саволларга жавоб топишдан асло тўхтамаслигимиз лозим.
Эссенциалистик йўл хатолар билан яшаш керак дегани ҳам эмас, балки тартибли ҳаёт кечиришга чақиради. Кутилмаган қарорлар қабул қилишдан кўра эссенциалист арзимас, кўп машғулотдан бир нечта, бироқ муҳим бўлганини фарқлай олади; кераксизларидан воз кечади; шунинг билан у мақсад сари олдинда турган тўсиқларни аста-секин олиб ташлайди. Натижада, муҳим нарсалар ўз-ўзидан ойдинлаша боради. Қисқа қилиб айтганда, эссенциализм бу – тартибга келтирилган, тизимли ёндашув бўлиб, у инсонларга ўзлари ҳали англаб ета олмаган яширин кучларини амалиётда қўллашни ўргатади. Қачонки сиз эссенциализмнинг тўлиқ моҳиятини англаб етганингизда, ишончим комилки, албатта, ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз томон улкан қадам ташлаган бўласиз.
Эссенциалист – ўз шахсий ҳаёт йўлида борувчи, ўз ҳаракатларини назорат қила олувчи шахс. Шунинг учун ҳам бу принсип муваффақиятга эришишнинг янги босқичидир. Эссенциализм бизларни нафақат ҳаётимиздаги ютуқлардан завқ олишимизга, балки ўзимиздан шу йўлни танлаганимиз учун мамнунлик ҳиссини туйишга ундайди. Аммо бизнинг чинакам эссенциалист бўлишимиз учун қаршилик қиладиган анчагина тўсиқлар ҳам мавжуд.
Қуёшли қиш кунларининг бирида аёлим Аннани кўргани Калифорниядаги касалхоналардан бирига бордим. Гарчи унинг юзлари кулиб, хурсандчилигини яширолмаган бўлса ҳам мен унинг чарчаган ҳолатда эканлигини яхши сезардим. Чунки кеча кечқурун Анна қизимизни дунёга келтирган эди. Янги меҳмонимиз соғлом туғилди.
Ўша лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтли ва унутилмас онлар эди. Фарзандим онасининг қўлларида ширин уйқуда, мен эса гоҳ телефонимни, гоҳ электрон почтамни титиш билан оввора эдим. Мижозим билан учрашувга шошилардим. Бошлиғимдан хабар келган: "Жума куни соат 3 ва 4 орасида фарзанд кутишга ноқулай вақт. Мен мижоз билан учрашишингни хоҳлайман". Ишнинг пачаваси чиқди. Бугун жума. Нима қилишимни билмай оёғи куйган товуқдай у ёқдан бу ёққа бориб келишдан бошқа қиладиган эрмак тополмай бошим қотган. Буни ҳазил бўлиб чиқишини чин кўнгилдан хоҳлар эдим, аммо афсуски, бу ҳақиқат эди. Мен ишда бўлишим шарт.
Бундай чигал ҳолатдан чиқиб кетишим учун, албатта, нимадир қилишим керак. Ўша пайт оилам билан бирга бўлишни жуда хоҳлардим. Бирдан телефон жиринглади. Мижоз кутиб қолганлиги ҳақида хабар беришди. "Ҳозир етиб бораман", – деб беихтиёр айтиб юбордим ва гўшакни қўйдим.
Оилам олдида жуда хижолатли бўлдим. Аёлим ва фарзандимни туғуруқхонада қолдириб ўзим ишга кетдим. Учрашув якунланди. Раҳбарим мижоз мендан жуда миннатдор бўлганини таъкидлади. У менинг ўз ишимга садоқатли эканимга юқори баҳо берибди. Аммо мижоз-чи? Унинг юз қиёфаси, кайфияти аксини кўрсатар эди. У менга гўё "Бу ерда сен ўзи нима қилиб юрибсан?" дегандек қараб қўйди. Биргина раҳбаримга яхши кўринаман деб айтган "ҳа" жавобим орқали, бепарволигим туфайли нафақат оиламга, балки тўғри сўзлигимга ҳамда мижозим билан алоқамга путур етказиб қўйдим.
Учрашувдан деярли фойда чиқмади. Шу пайт ўзимни худди аҳмоқдек ҳис қилдим. Ҳаммани хурсанд қиламан дея энг муҳимини эсдан чиқариб қўйдим.
Бундан ўзим учун ўрнак бўладиган, манфаатли дарс олдим:
Бу воқеадан сўнг менда айрим саволлар пайдо бўла бошлади: қандай ва нима сабабдан инсонлар шахсий ҳамда профессионал ҳаётларида у ёки бу ечимларни танлашади? Нега биз ўзимизда мавжуд имкониятлардан фойдаланишни хоҳламаймиз? Қандай қилиб биз ички имкониятларимизни юқори даражага олиб чиқадиган танловларни амалга оширамиз?
Бундай саволларга жавоб топиш ҳисси мени Англиядаги юридик мактабни тугатмасдан, Калифорнияга, Стенфортда битирув малакавий ишимни тугатиш учун саёҳат қилишга ундади. Саволларимга жавоб излаш давомида икки йил ўз жамоам билан биргаликда Multipliers: How the Best Leaders make Everyone Smarter* китоби устида иш олиб бордик. Ва ўша дамларда Силиcон Валлейда ўз компаниямга асос солдим. Ҳозирги кунда мен минглаб дунёнинг кўзга кўринган компанияларининг иқтидорли вакиллари билан ишлайман ва уларга эссенциалист йўлини ўргатаман.
Менинг ташкилотимга турли тоифадаги инсонлар мурожаат қилишади. Улардан баъзилари доимий оғир муаммолар остида яшаб келаётганлар. Баъзилари эса муваффақиятли кўринишса-да, аммо барини мукаммал қилиш нияти борлигини айтиб қолишади. Айримлари эса (уларга бир томондан раҳминг ҳам келади) менежерлар буюрган барча вазифаларни бажариш шарт эмаслигини тушунмас эдилар. Улар билан ишлаб мен нега шундай малакали, ақлли, иқтидорли инсонлар кераксиз ишлар билан гулдек умрини беҳуда ўтказишларини тушунишга уриндим. Жавоблар эса ҳайратланарли.
Бир гал ўз ишига муккасидан кетган бир менежер билан ишладим. У касбини жуда яхши кўрар ва тинмай изланар эди. У тез-тез қилган меҳнатлари учун мукофотлар билан ҳам рағбатлантириларди. Бу эса унга илҳом бағишларди. Муваффақият зинапояларидан аста-секин кўтарилиб борар экан, бекор қолди дегунча, турли-туман китоблар титкиларди. Мен у билан илк учрашган пайтимда у жуда серғайрат кўринди. Ҳамма нарсани билишга, ҳамма ишни бажаришга шай эди. У менга ҳар куни, баъзан ҳар соатда янги ғояларни ўйлаб топадигандек туюларди. У иш жараёнида муҳим қисмни арзимаганларига диққатни қаратиш натижасида йўқота бошлади. Унинг учун бари зарур эди. Бунинг натижасида кундан кунга оза бошлади: ишида миллиметргина силжишга эришди; жуда толиқди. Ўшанда унга мен чапда жойлашган суратни хомаки нусхасини чизиб бердим.
У суратга узоқ вақт жим тикилиб қолди. Сўнгра маъюс бир оҳангда менга қараб шундай деди: "Бу менинг ҳикоям!" Сўнг мен ўнгдаги чизмани чизиб кўрсатдим. "Агар биз сиз бажарадиган, ҳиссангизнинг юқори даражасини қўшадиган бирор-бир масалага ечим топсак, нима бўлади? " – деб сўрадим. "Тўғри савол…" – дея жавоб қилди у.
Кўриб турганимиз каби кўпчилик доно инсонлар ушбу оддий саволга аниқ жавоб беришга қодир эмаслар. Бунга сабаб шуки, жамиятда биз яхши хулқ учун ("йўқ" дея) жазоланамиз ва ёмон хулқ учун ("ҳа" дея) рағбатлантириламиз. Дастлабки жавоб ўша онда ноқулай сезилади ва 2-жавоб эса нишонланади. Бу мен атайдиган тахминий 4 фазани умумлаштирувчи омад парадоксига етаклайди.
1-фаза:
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Эссенциализм», автора Грега МакКеона. Данная книга относится к жанру «Саморазвитие, личностный рост».. Книга «Эссенциализм» была издана в 2024 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты