Лианага
Дастлабки беш йилликда
Москвада пайдо бўлган ва агар ишчиларга қаттиқ суянилса, барча иш тўрт йилда бажарилиши мумкинлиги кўзда тутилган плакат
Йигирманчи юзйилликнинг даҳшатлари қачон бошланди?
1945 йилда, гарчи кўпчиликка бу даҳшатлар якунига етгандек туюлган бўлса ҳам.
У қандай бошланди?
Ниҳоятда чўзилиб кетган урушнинг якунини тезлаштириш мақсадида атом бомбасининг илк бор қўлланилиши туфайли. Бироқ, фашистлар ҳамда эркин дунё (аслида, унчалик ҳам эркин бўлмаган, сезиларли қисми тоталитар тузум ҳукмронлиги остида бўлган) ўртасидаги зиддиятлар барҳам топиши биланоқ, айнан шу дунёни ағдар-тўнтар қилишга қодир, ўта теран қарама-қаршилик учун замин ҳозирланган эди. Коммунистик давлатлар капиталистик мамлакатларга рўбарў келишди ва ҳар иккала томон ҳам ядро қуролларининг чегарасиз арсеналига1 эга эди.
Хўш, нима бўлибди?
Бир урушни якунлаш мақсадида ишлатилган қуроллар, эндиликда бошқасини очиш учун хизмат қиларди.
1950 йиллардаги дунё ядровий урушининг пировард натижаси қандай якун топди?
Ҳисобсиз атом бомбалари Ғарбий Европа, иккала Америка ва Совет империясининг ишлаб чиқариш марказларига ташланди. Вайронагарчиликлар шу қадар даҳшатли эдики, дунё ҳукмрон элитаси вакиллари атом уруши уюшган жамиятни йўқ қилиб, уларнинг бошқарув лаёқатига ҳам путур етказиши мумкинлиги тўғрисида ўйлай бошлашди.
Шундан сўнг…
Умумий келишув асосида атом даврига якун ясалди. Эндиликда Иккинчи жаҳон уруши даврида ишлатилган анъанавий қурол турлари билангина жанг олиб бориш мумкин эди. Урушлар давом этаверади, боз устига, бу глобал миқёсда табиий ҳолдек қабул қилинади.
Ядровий уруш якунланган пайтда дунёда кучлар мувозанати қандай эди?
Мазкур уруш натижасида дунё учта улкан давлатлар, ёки буюк мамлакатлар блокига ажралди. Алоҳида мамлакатларнинг умри поёнига етди.
Таркибига Қўшма штатлар, Лотин Америкаси ва собиқ Британия Ҳамдўстлиги кирган Океания Конгломерат2 деб аталди. Уларнинг бошқаруви аниқ бўлмаса ҳам, тахминан Шимолий Америкадан туриб амалга ошириларди. Гарчи, мазкур бирлашган буюк давлатнинг мафкураси инглиз интеллектуаллари томонидан ишлаб чиқилган ва инглиз социализми, ёки ингсоц номи билан машҳур бўлса-да, эски географик номенклатура қайсидир маънода ўз аҳамиятини йўқотди. Бунинг устига, алоҳида миллий ва маданий қадриятларга тарафдорлик, янги эътиқод наздида зарарли ҳисобланарди.
Масалан, Буюк Британиянинг кейинги тақдири қандай кечди?
Буюк Британия Парвоз йўлаги I дея атала бошланди. Қандайдир камситувчи ишоралардан холи, нейтрал баҳо бу.
Қолган буюк давлатлар-чи?
Қолган икки буюк давлат Евроосиё ва Остазия (Шарқий Осиё)дир. Евроосиё бутун минтақавий Европа ва Совет Иттифоқининг сингишиб кетиши натижасида шаклланди. Остазия Хитой, Япония ва Осиёнинг жанубий-шарқий қисмидан иборат эди. Шунингдек, унинг таркибига Евроосиё ҳудуди билан чегараланган, уларга боғлиқлиги уруш йўли орқали ўзгартирилган Манчжурия, Мўғулистон ва Тибетнинг бир қатор вилоятлари кирарди.
Уруш…
Буюк давлатлар ўртасидаги уруш 1959 йилда бошланган ва ҳануз давом этмоқда.
Бошқача айтганда, анъанавий қуроллар билан урушми?
Тўғри. Чегараланган қурол-яроғ ва профессионал армия билан. Замонавий дунёнинг илк урушлари билан таққослаганда армиялар нисбатан кичикроқ. Урушаётган томонлар бир-бирини йўқ қилишга қодир эмаслар. Агар буни уддалай олганларида уруш тугаган бўларди. Уруш эса тугаши мумкин эмас.
Нега тугаши мумкин эмас?
Уруш – бу тинчлик, яъни уруш – замонавий ҳаёт тарзи, худди тинчлик ўтган даврлар учун ҳаёт тарзи бўлгани сингари. Сиёсий фалсафа нуқтаи назаридан уруш ҳаёт тарзидир.
Аммо урушдан мақсад нима?
Аввало, уруш бирор бир мақсадда олиб борилмаслигини айтишга ижозат берсангиз. Уруш ҳаракатлари учун ҳеч қандай моддий сабаблар йўқ. Ҳеч қандай қарама-қарши мафкуралар ҳам. Океания, Евроосиё ва Остазия ҳукмрон партия бошқарувини ҳамда шахсий ҳуқуқий эркинликнинг барча тамойилларини тан олишади. Дунёқарашларнинг тўқна шуви, янаям аниқроғи, ҳудудий экспансияга3 урушнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Лекин бундан қандай маъно бор?
Урушнинг оммага эълон қилинган мақсади – қуруқликда мавжуд трапециясимон ҳудудлар, уларнинг бурчакларида жойлашган Танжер (Марокашдаги шаҳар), Конгодаги Браззавиль ва Австралиядаги Дарвин каби шаҳарларни тасарруфга олиш эди. У ерларда битмас-туганмас арзон ишчи кучлари – оғир меҳнат шароити ҳамда яшаш доирасидаги минимал тўловларга ўрганган миллионлаб эркак ва аёллар яшайдилар. Мазкур совринга эга бўлиш йўлидаги рақобат Экваториал Африка, Яқин Шарқ, Жанубий Ҳиндистон, шунингдек, Малай архипелагига қадар ёйилди ва ўз навбатида талашилаётган ҳудудлар чегарасидан ўтмади. Бир қатор ҳарбий ҳаракатлар Шимолий қутбда ҳам давом этди. Бу ерларда қимматбаҳо минералларнинг улкан захиралари мавжудлиги тахмин қилинади.
Бу оммага маълум сабаб. Аслида-чи?
Бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб чиқаришни бор қуввати билан юргизиш, ҳам паст даражадаги яшаш шароитини сақлаб қолиш. Негаки, тўқ, барчасидан мамнун, истеъмол учун кенг танлов имконияти ва кўп пулга эга бўлган шахс – ҳар қандай олигархик давлат учун ёмон фуқаро. Қорни гўштга тўйган кишининг сиёсат билан иши йўқ. Ҳукмрон партияга фанатик даражада содиқликни айнан камбағаллар намоён этадилар. Устига-устак, холислик ва ҳеч вақт тилга олинмайдиган ватанпарварликни душман остонада турган вақтда уйғотиш осонроқ кечади.
Қандай душман?
Яхши савол. Мен ниҳоясиз уруш ҳақида гапиргандим. Бироқ, сирасини айтганда, бу ҳар доим ҳам одатдаги уруш бўлавермайди. Океания гоҳ Остазияга қарши Евроосиё томонида турса, гоҳ Евроосиёга қарши Остазия тарафида бўлади. Баъзан қолган иккисининг иттифоқи қаршисида ёлғиз қолади. Иттифоқчилар алмашинуви жуда тез кечади. Шунга яраша сиёсий қарашларни ҳам жадал суръатда ўзгартириб туришни тақозо этади. Яна шуниси аҳамиятлики, бир вақтнинг ўзида уруш ўша одатдаги қиёфасини намоён этиши, душманлар ўша-ўша бўлиб қолиши керак. Ҳар қандай вақтда ҳам душман азалий бўлмоғи, яъни ўтмиш ва келажакдаги ғаним бўлиб қолмоғи лозим.
Бу бўлиши мумкин эмас.
Мумкин эмас?! Ҳукмрон партия коллектив хотира устидан назоратни амалга оширади. Архив маълумотларини ўзгартириб, янаям аниқроғи, уларни тузатиб, ўтмишни асл ҳолатда варақлаш мумкин. Ҳозирги ҳақиқат, ҳар доимги ҳақиқат бўлиб қолмоғи керак. Ҳақиқат – маълум фурсатдаги реаллик. Фурсат эса – бугун ва ҳозир. Бошқа сабаб ҳам бор: абадий уруш керак бўлгани ҳолда, унинг муҳокамасини бир четда қолдириш.
Унгача…
Ингсоцнинг асл вазифасини яхши тушуниб олмоқ лозим.
Океания ҳамжамиятини тавсифлаб берсангиз.
Уларнинг табақаланиши ниҳоятда оддий. Аҳолининг саксон беш фоизи – пролетарлар ёки уларни расмий номлари билан атайдиган бўлсак, проллар. Проллар нафратга лойиқ. Улар ўзларида билимсиз, лоқайд, норози ва ҳаракатсиз оммани мужассамлаштирганлар. Улар энг паст вазифа ва функция ларни бажарадилар ҳамда ўз ҳайвоний истакларини қондириш билангина қаноатланадилар. Қолган ўн беш фоизи эса – ички ва ташқи партиялар. Ташқи партия – ўзларини ингсоц метафизика4сини ҳаётга татбиқ этишга бағишлаган, сайланадиган аристократия. Ички партия эса ўз-ўзидан амалдорлар, паст даражадаги давлат хизматчиларидан ташкил топган. Улар ҳокимият дарахтининг асосий тўртта шохи билан машғуллар. Булар: Меҳр-муҳаббат вазирлиги, Фаровонлик вазирлиги, Ҳақиқат ва адолат вазирлиги, Тинчлик вазирлиги.
Тинчлик?!
Аслини олганда, Уруш вазирлиги. Лекин уруш – бу тинчлик.
Партияни ким бошқаради?
Ҳеч ким. Катта Оға дея аталувчи ҳеч ким. Ҳеч қачон туғилмаган ва ўлмайдиган. Катта Оға – Худо. Уни айбдор қилмоқ, шу билан бир қаторда севмоқ лозим.
Бу мумкинми?
Бу ҳаттоки зарур.
Лекин буйруққа асосан севишга мажбурлаш мумкинми?
Бунинг учун етарлича усул ва воситалар топилади. Никоҳ орқали туғиладиган севгини, ота-она ва болалар ўртасидаги меҳрни, жинсий алоқадан пайдо бўладиган ҳузур-ҳаловатни, қолаверса, авлод қолдириш қувончини йўқ қилиш, эмоционал (ҳиссий) эҳтиёж дея аталувчи объектга йўналтиришда қўл келади. Эммануель Голдстейн сингари Катта Оғани ёмон кўрувчи, Океанияни яксон қилишни истайди ган душман билан мудом ҳамфикр хоин бор. Бу аҳоли орасида мудом қўрқув ва нафратнинг ошиб боришини, уларни қутқариш ҳамда ҳимоялашга қодир ягона кучга янада қаттиқроқ боғланишни кафолатлайди.
Ингсоц метафизикаси нима?
Асосий сабаб ёки сабаблардан бири ҳисобланган, шунингдек, уни кузата оладиган онгли мавжудотга эга бўлмаган Олий воқелик. Ғоялар сезги органлари орқали қабул қилинувчи ахборотлар билан бир қаторда, субъектив фантомлардан5 ортиқ эмас. Аммо гап индивидуал (шахсий) эмас, балки коллектив онг ҳақида кетмоқда. Катта Оғанинг идроки бошқа ҳамма онгни ўзида мужассам этади. У идрок этган воқелик – ягона ҳақиқат. Қолганлари – ёлғон, бидъат ва давлат учун хавфлидир. Индивид партиянинг барча нуқтаи назарини иккиланишларсиз, шубҳа қилмасдан, ҳатто бу ҳақида ўйламасдан ўрганмоғи керак. Қўшфикрлилик номли машҳур усулни қўллаб, қарама-қарши туюлган ғоялар билан ҳам муроса қилмоғи зарур. Ички конфирмизм6 етарли эмас. Бу бутунлай чин юракдан ва ҳақиқий садоқат бўлиши керак. Агар алоҳида шахснинг идроки партия тарихи билан зиддиятга борса, дарҳол онг устидан назорат воситаларини ишга солмоқ даркор. Ҳар қандай қарама-қаршиликни тезда бартараф этиш мумкин ва лозим. Қўшфикрлилик – эътиқоднинг бутунлигича инстинктив, самимий ва шубҳасиз муҳим аҳамиятга эга воситаси.
Партиянинг метафизик мафкурани такомиллаштириш ва кенг ёйишдан ташқари вазифаси – ингсоцнинг асл мақсади нима?
Агар сиз сафсатабозлик ва риёкорликни кутаётган бўлсангиз, бу бефойда. Ташкилотнинг мақсади қўл остидагиларнинг фаровонлиги, моддий таъминоти эмас. Ташкилот ҳукмронлик туфайли мавжуд. Партия ўзидан ташқаридаги ҳаммани тўлиқ назорат қилишни, барча ташқи ҳақиқатни ҳазм қилишни истайди. Лекин атайлаб душманни ассимиляция7 қилишга интилмайди. Остазия ва Евроосиё ўртасидаги уруш асло тугамайди, хиёнаткор Голдстейн ҳеч қачон ўлмайди. Чунки ингсоцга душманлар керак, худди қарсилдоққа ёнғоқлар зарур бўлгани каби. Кенг миқёсда душман устидан ҳукм юргизиш мумкин. Келажак сиймоси – этик, топталган инсоний қиёфа – абадий. Вақти келиб ҳукмронлик лаззатига қолган барча ҳузурбахш истаклар бўйсунади: таом, санъат, табиат ва барчасидан кўпроқ жинсий алоқа.
Наҳотки ҳеч ким инсон эркинлигининг бу қадар ваҳшиёна топталишига қарши чиқа олмаса?
Ҳеч ким. Вақти-вақти билан пайдо бўлувчи ақлдан озганларни ҳисобга олмасак. Катта Оға ўзининг севгиси ва ғамхўрлиги билан бу сингари ажралиб чиққанларни руҳий саломатликка қайтаради. Шундан сўнг эса умумий ҳолатда манқуртга айлантириш учун барча қусурларни тўзғитиб юборади. Қўзғолон – ўтган даврлар феномени. Умуман, сизнинг шахсий озодлигингиз нима ўзи? Нимадан озод бўлиш? Нима қилмоқ эркинлиги? Инсон худди ит-бургалардан озод бўлгани сингари касалликлардан холи бўлиши мумкин. Лекин мутлақ эркинлик бу бўшлиқдаги эркинликдир. Ўтган инқилоблардаги баландпарвоз шиорларнинг бари сафсата. Озодлик. Тенглик. Биродарлик. Бахт излаш. Саховатпеша. Билим. Ҳокимият – ўзгача иш. Ҳокимият – бу равшан. Худо – бу ҳокимият. Ҳокимият – бу абадий.
На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «1985», автора Энтони Берджесса. Данная книга относится к жанру «Современная зарубежная литература».. Книга «1985» была издана в 2024 году. Приятного чтения!
О проекте
О подписке
Другие проекты